English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕИ жаҳон савдосидаги улуши бўйича БРИКСдан олдинда
16:39 / 2024-10-18

Жаҳон савдо ташкилоти ҳисоботига кўра, БРИКС ташкил этилгандан бери жаҳон савдосидаги улушини қарийб бир ярим баробар ошириб, 2023 йил охирида 21,6 фоизга етказди. 10,4 триллион долларлик бу кўрсаткич йирик халқаро тузилмалар орасида 29,7 фоиз ёки 14,3 триллион долларга тенг савдо амалга оширган Европа Иттифоқидан кейин иккинчи ҳисобланади.

Учинчи ўрин Америка Қўшма Штатлари, Мексика ва Канадани бирлаштирган Эркин савдо шартномаси – USMCA иқтисодий тузилмасига тегишли. Бу ҳудудда экспорт ва импорт қиммати ўтган йил охирида жами 7,6 триллион долларга етиб, дунё миқёсида 15,7 фоиз улушни қоплаган.

7,4 фоиз, яъни 3,5 триллион долларлик миқдорни Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппиндан иборат АСЕАН – Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси қайд этди.

БРИКС 2006 йил тузилган давлатлараро ассоциация. Шу йил 1 январда бошланган Россия раислиги адолатли глобал ривожланиш ва хавфсизлик учун кўп томонлама муносабатни мустаҳкамлаш шиори остида ўтмоқда.

Бразилия, Россия,Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка томонидан асос солинган ва айни пайт янги аъзолар ҳисобига кенгайиб бораётган мазкур халқаро иқтисодий бирлашма доирасидаги олий даражали навбатдаги учрашув 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.