Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕИ ва Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари конференцияси тўғрисида
15:08 / 2022-02-23

Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнига фаол жалб этиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва Афғонистон ҳудудида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича халқаро, минтақавий саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ўз нутқида мамлакатимиз Афғонистонга нисбатан юритаётган сиёсатнинг асосий жиҳатлари, жумладан, янги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш зарурлигига алоҳида тўхталди.

Учрашув иштирокчилари Афғонистондаги оғир инсонпарварлик вазиятдан хавотирда эканликларини қайд этиб, бошқа давлатларни ҳам ушбу мамлакатга нисбатан амалга оширилаётган хайрли ишларга қўшилишга чорладилар.

Афғонистоннинг янги расмийлари кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш бўйича ўз ваъдалари ҳамда халқаро мажбуриятларини бажариши, аёллар ва миллий озчилик вакиллари ҳуқуқини ҳурмат қилиши, шунингдек, мамлакат ҳудуди халқаро террорчилар бошпанасига айланишининг олдини олиши зарурлиги таъкидланди.

Анжуманда иштирок этган Махсус вакиллар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Термиз шаҳрида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш учун Кўп тармоқли транспорт-логистика хабини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.

Ушбу шаклдаги мулоқотни Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳатлашувлар ва ҳамкорлик платформаси сифатида мунтазам давом эттиришга келишиб олинди.

Конференция якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.

ЎзА