АҚШ Президенти Дональд Трампнинг НАТОга аъзо бошқа давлатларни қўллаб-қувватлашни қисқартириш ҳақидаги таҳдиди асносида Европа Иттифоқи ва Буюк Британия махсус саммитда мудофаа ва хавфсизлик тўғрисида шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” номи ошкор этилмаган дипломатларга таяниб ёзган.
Мақолада Бирлашган Қироллик мудофаа ва технология компаниялари Бош вазир Кир Стармер ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга хат ёзиб, Лондон ва Брюссель ўртасида янги хавфсизлик битими тузиш йўлида кўпроқ саъй-ҳаракат талаб қилган.
Аэрофазо, технология ва саноат лобби гуруҳлари келишувни 19 май куни бўлиб ўтадиган ЕИ – Буюк Британия саммитида имзолашга чақирди, дейилган хабарда.

ЕИ элчилари анжуманга тайёргарлик доирасида ўтган жума куни учрашув ўтказган ва тўрт нафар дипломат аъзо давлатларни мудофаа ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳужжат имзолашга чақирган.
Трамп маъмурияти томонидан юзага келтирилган глобал тартибсизлик Европа Иттифоқи ва Буюк Британия пактини қабул қилиш йўлидаги қатъиятни кучайтирмоқда. Мазкур ташаббус қурол ишлаб чиқарувчи компанияларга қурол савдосини юритиш имконини беради.
Еврокомиссия ушбу лойиҳани Буюк Британия ЕИ мамлакатлари мудофаасини таъминлаш учун 150 миллиард евролик кредит дастурида иштирок этишининг зарур шарти сифатида тайёрлаган. ЕИ давлатлари Британия билан энергетика, миграция ва балиқчилик соҳаларида алоҳида шартномалар тузмоқчи.

Трамп бир неча бор Европани НАТО фаолиятига кам ҳисса қўшаётгани учун танқид қилиб, барча аъзо давлатлардан мудофаа харажатини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача оширишни сўради. Пентагон котиби Пит Хегсет эса Қўшма Штатлар Европадаги ҳарбий иштирокини ҳозирча қисқартириш ниятида эмаслигига ишонтирган.
19 март куни Европа Комиссияси “Европани қайта қуроллантириш” янги мудофаа стратегиясини тақдим этди. Ҳужжатнинг номи кейинчалик ЕИ таркибидаги қатор давлатлар норозилиги туфайли бироз юмшоқроқ “Тайёрлик-2030”га ўзгартирилди. Бу стратегия тўрт йил давомида тахминан 800 миллиард евро тўплашни кўзда тутади. Маблағнинг асосий қисми – 650 миллиардга яқинини Европа давлатлари бюджетидан олиш таклиф қилинмоқда. 150 миллиард эса кредит шаклида йўналтирилади. ЕК ЕИ мамлакатлари учун бюджет имтиёзи тақдим этади. Шунингдек, минтақавий ривожланиш учун мўлжалланган маблағни ҳарбий харажатга йўналтиради. Бундан ташқари “Тайёрлик-2030” ЕИ давлатлари томонидан мудофаа харажатини ЯИМнинг 1,5 фоизига етказишни назарда тутади.
С.Раҳимов,ЎзА