Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Хосеп Боррель ЕИ Россия пули Украинага ёрдам сифатида жўнатилганини айтди.
– Россия маблағидан фойдаланишни бошладик, Украина ва ЕИ мамлакатларига ҳарбий юк учун 1,4 миллиард евро юборилди, – деди у.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 26 июль куни ЕИ Москванинг музлатилган активидан тушган даромаддан 1,5 миллиард евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамнинг биринчи транши Украинага ўтказилаётганини маълум қилиб, ушбу маблағнинг 90 фоизи мудофаага, 10 фоизи Украинани тиклашга йўналтирилишини таъкидлаганди.
Июль ойида “Euroclear” депозитарийси 2024 йилнинг биринчи ярмида музлатилган Россия активидан фоиз сифатида 3,4 миллиард евро олингани, Украина учун ЕИ фондига тахминан 1,55 миллиард евро ўтказилишини эълон қилди. Шунингдек, депозитарий Бельгия ғазнасига корпоратив солиқ сифатида қўшимча 836 миллион евро тўлайди.
Россия Украинада ҳарбий амалиёт бошлагандан бери ЕИ ва Катта еттилик давлатлари РФ валюта захирасининг деярли ярмини, тахминан 300 миллиард еврони музлатди. ЕИда 200 миллиард евродан ортиқ маблағ, асосан, йирик ҳисоб-китоб ва клиринг тизими – Бельгиянинг “Euroclear” компанияси ихтиёрида сақланади.
Москва ЕИ бу қарорини ўғирлик, деб атаган.