АҚШ Президенти Дональд Трамп ва РФ етакчиси Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашиб, Россия – Украина можаросини ҳал қилиш бўйича музокарани дарҳол бошлашга келишиб олди.
Суҳбат чоғида икки етакчи Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш, Эрон ядро дастури, иқтисодий соҳадаги икки томонлама муносабатлар каби мавзуларни ҳам муҳокама қилган, шахсий алоқалар, жумладан ўзаро учрашувларни давом эттиришга келишиб олган.
Трамп Путинга Украинадаги ҳарбий ҳаракат тўхтатилиши зарурлигини айтгани, кейинроқ Президент Владимир Зеленскийни ушбу суҳбатдан хабардор қилгани ҳақида гапирган.
Бинобарин, Европа Иттифоқи давлатлари ушбу мулоқот масаласида олдиндан огоҳлантирилмагани кўҳна қитъа ҳамжамияти хавотирига сабаб бўлди. Зеро, АҚШ ва Россия ўртасида кечиши кутилаётган тинчлик музокарасида ЕИ давлатлари иштирок этмаслиги бўлажак келишув муваффақиятини сўроқ остида қолдириши багорат қилинмоқда.
– Украинада осойишталик ўрнатилиши Европада тинчлик билан баробар, –дейишган қитъа сиёсатчилари.
Хусусан, Германия, Франция, Польша, Италия, Испания, Буюк Британия, Европа ташқи алоқалар хизмати ва Европа комиссияси Трамп ва Путин сўзлашувидан сўнг айни масаладаги ҳар қандай музокарада қатнашиши шартлигини таъкидлаган:
– Америкалик иттифоқчилар билан бирга кейинги ҳаракат муҳокама қилинишини сабрсизлик билан кутамиз, – дейилган Германия ТИВ сайтида эълон қилинган баёнотда. – Украинани кучайтириш умумий мақсадимизга айланиши керак. Киев ва Европа ҳар қандай музокаранинг бир қисми бўлиши зарур. Ушбу давлатга қатъий хавфсизлик кафолати берилиши лозим. Бу ҳудуддаги адолатли ва доимий тинчлик барқарор трансатлантик хавфсизликнинг асосий шартидир.
Хуллас, АҚШ Европадаги иттифоқчиларни Трамп – Путин суҳбатидан олдинроқ хабардор қилмагани қатъий эътироз келтириб чиқарди. Масалан, “Блумберг” агентлиги ЕИ икки расмийсига таяниб, Европадагилар мазкур телефон қўнғироғи бўйича огоҳлантирилмаганидан норози экани ҳақида хабар тарқатган.
– Европа расмийлари Трампнинг Путин билан гаплашишидан ҳайратга тушишди, бу муҳим дипломатик қадам ҳақида асосий иттифоқчиларга хабар берилмаган, – деб ёзган нашр.
Яна бир манба Америка етакчиси ҳаракатини хиёнат, деб атаган ва АҚШ музокара бошланишидан олдиноқ Россиянинг асосий талабларига бўйсунаётганидан хавотир билдирган.
Ўз навбатида Зеленский Британиянинг “Economist” журналига интервью бериб, ҳамкорларнинг хавфсизлик кафолатисиз ўт очишни тўхтатиш мумкин эмаслигини таъкидлаган.
С.Раҳимов, ЎзА