Яқин Шарқдаги уруш глобал қурол-яроқ таъминот занжирига кучли босим ўтказаётгани Европа учун жиддий сигналдир. Европа Иттифоқи мудофаа бўйича комиссари Андрюс Кубилюс таъкидлашича, кўҳна қитъа ўз эҳтиёжи ва Украина талабини қондириш учун ракета ишлаб чиқаришни шошилинч равишда кўпайтириши шарт.
Польшага ташрифи чоғида Кубилюс Украина фронтида айниқса ҳаво мудофааси тизими учун ракета тутгичларга эҳтиёж жуда юқори эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, дрон ва узоқ масофага учадиган 155 миллиметрли артиллерия ўқ-дориси ҳам муҳим, аммо ракета иттифоқчилар учун таъминланиши энг қийин кечаётган аслаҳа.
2025 йил давомида Украинага йўлланган тахминан 2000 ракетадан қарийб 900 таси баллистик эди. Бундай қуролни йўқ қилиш учун асосан “Патриот” каби замонавий ҳаво мудофааси тизими талаб этилади.

Фақат қиш мавсумининг ўзида Украина армиясига тахминан 700 дона “Патриот” ракета тутгич керак бўлган. Ўтган йил атиги 600 та шу русумдаги PAC-3 ракетаси ишлаб чиқарилган. Яъни, АҚШ бир вақтда ўз армияси, Кўрфаз давлатлари ва Киев эҳтиёжини тўлиқ қондиришга қодир эмас.
Владимир Зеленский ҳам Америка сўнгги уч кун ичида Яқин Шарқда Эрон ракета ва дронларини йўқ қилиш учун 800 дан зиёд ракета ишлатганини айтди. Украина бутун уруш давомида ҳам бунча ракетага эга бўлмаган.
Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш эса бу ҳолат Европа мудофаа саноати мустақиллигини кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатганини иддао қилган. Унинг фикрича, АҚШ ишлаб чиқарувчилари биринчи навбатда ўз захираси ва Форс кўрфази давлатларини таъминлашга аҳамият беради.
ЕИ айни муаммони ҳал қилиш учун янги молиявий механизм ишга тушириш ҳаракатини қиляпти. Жумладан, Украинага келаси икки йил учун 90 миллиард евро кредит ажратилган. Бу маблағнинг салмоқли қисми ҳарбий харидга йўналтирилиб, асосан Европа ва Украина ишлаб чиқарувчиларидан маҳсулот сотиб олиш шарти белигланган.
Мазкур кўмакка ҳозирча Венгрия томонидан вето қўйилган. Шунга қарамай, Брюссель қитъа мудофаа саноатини жадал ривожлантириш орқали ракета ишлаб чиқаришни кескин оширишга стратегик вазифа сифатида қарамоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА