“Фаровонлик сари шериклик масалалари бўйича Европа Иттифоқи - Марказий Осиё мулоқоти” виртуал Иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Европа комиссияси раиси ўринбосарлари Валдис Домбровскис ва Марош Шефчович, Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид, Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Равшан Сабиров, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов, Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан, Европа инвестиция банки вице-президенти ТерезаЧервиньска, Европа комиссияси Бош директорининг ўринбосари ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ҳукумат доираларининг вакиллари ва хорижий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси номидан анжумандада Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов қатнашди.
Тадбир ЕИ ва Марказий Осиё ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликни мустаҳкамлаш бўйича минтақалараро мулоқот майдонидир. Ташкилотчилар фикрига кўра, бу каби тадбирлар барқарор қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун нималар зарурлигини яхшироқ тушунишга имкон беради.
Учрашув давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, шунингдек, ҳукуматлар томонидан пандемия билан боғлиқ иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Муҳокама чоғида “яшил” иқтисодиётга урғу берилган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларида инновацион иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ғоясига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда илғор илмий ва саноат технологияларидан фойдаланиш орқали табиий ресурсларни оқилона истеъмол қилиш амалиётини жорий этиш ҳисобига энергия самарадорлигини ошириш аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ўсиш моделига ўтиши учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, божхонага оид ва ҳуқуқий тартибни оптималлаштириш, коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши тизимли кураш олиб бориш, хусусий секторни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ўз вақтида чора-тадбирлар кўриш муҳим экани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида пандемия вақтида давлатларнинг Халқаро ихтиёрий мажбуриятлари кодексини қабул қилиш ташаббуси иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон томони хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича ахборот ва тажриба алмашиш учун Марказий Осиё ва ЕИ соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда етакчи тиббиёт муассасаларининг биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигига урғу берди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Ўз навбатида Европа Иттифоқи раҳбарияти вакиллари Ўзбекистоннинг 2021 йил апрель ойида ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш бўйича “ЕИ - Марказий Осиё” Вазирлар конференциясини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, “GSP+" Преференциялар бош тизимининг бенефициар мамлакати мақомини олиш, шунингдек, Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим лойиҳасини келишишда эришган ютуқлари олқишланди.
Форум доирасида бир қатор шўъба йиғилишлари ҳам ўтказилиб, мутахассислар минтақавий иқтисодий ҳамкорлик, рақамлаштириш ва барқарор ишбилармонлик муҳитини шакллантириш соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
Тадбир якунида иштирокчилар Форум ЕИнинг Марказий Осиё бўйича Стратегиясини амалга оширишга улкан ҳисса қўшишига ва ўзаро фикр алмашиш ва кўп қиррали кўп томонлама ҳамкорлик бўйича таклифларни биргаликда ишлаб чиқишда самарали платформага айланишига ишонч билдирди. Шунингдек, келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари аниқланди, “ЕС - Марказий Осиё” биринчи Иқтисодий форумига тайёргарлик кўриш ва анжуманни ўтказиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.
ЎзА