Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕИ кучли босим ўтказишга қарор қилди (+видео)
19:32 / 2025-05-21

Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари Брюсселда йиғилишиб, бўлажак музокараларнинг натижасиз якунланишига йўл қўймасликка келишиб олишди. Улар Кремлга босимни янада кучайтиришга ва Украинага ҳарбий ёрдамни кўпайтиришга қарор қилишди. Шунингдек, улар аллақачон сулҳдан кейин ҳаракат режасини ишлаб чиқишмоқда.

Брюсселда вазирлар учрашуви ёпиқ тарзда бўлиб ўтгани айтилмоқда. Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари ва мудофаа вазирлари ЕИ Кенгашида йиғилишган ва асосий мавзу Украинада тинчлик ўрнатиш масаласи бўлганлиги айтилади.  

– Бизнинг устувор вазифамиз сўзсиз ўт очишни тўхтатиш бўлиб қолаверади, - деган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас якуний матбуот анжуманида.  

Учрашув иштирокчилари Россия президенти Владимир Путинни Украинада ўт очишни тўхтатишга рози бўлишга кўндириш зарурлиги ҳақида гапиришган. Улар буни Путиннинг ҳозирча бу масалага жиддий ёндошмаётганини сабаб қилиб кўрсатишмоқда.  

Ушбу йиғилишда тўрт хил йўналиш доирасида Россияга қарши максимал санкциялар пакети маъқулланган ва мажлис аҳли дарҳол бошқа янги қабул қилинадиган санкцияларни муҳокама қилишга ўтишган.  

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль янги санкциялар хусусида чуқурроқ муҳокама қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Бу санкциялар орқали Европа Иттифоқи Путинга  зиддиятни тўхтатишга ишора бериши керак.  

Брюсселга келган кўплаб вазирлар, жумладан, Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига нефть нархининг юқори чегарасини пасайтириш Россия Федерациясига нисбатан энг самарали чора эканлигини айтган. Бироқ ушбу мунозара иштирокчилари ўртасида нархларнинг чегараси бўйича фикрлар бир хил эмас.  

Киев нефть нархини бир баррель учун 30 долларгача тубдан туширишни таклиф қилмоқда, Европа Иттифоқи эса фақат 50 долларга туширишга тайёр. Нархни Киев хоҳлаётгандек қилиб тушириш учун ЕИнинг барча аъзоларининг бир овоздан қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Ҳозирча бунинг иложи йўқ.    

Брюсселдаги бу музокараларда Кремлга босимни кучайтириш билан бирга параллел равишда Украина хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинган. Кая Каллас ушбу муҳокаманинг мазмуни ҳақида батафсил маълумот бермаган, бироқ Бельгия мудофаа вазири Тео Франкен журналистларга Буюк Британия ва Франция ҳомийлигидаги "хоҳловчилар коалицияси" ҳақида гапириб ўтган.  

Унинг сўзларига кўра, бу коалицияга аъзо мамлакатлар штаб бошлиқлари режа ишлаб чиқмоқда ва бу режа деярли тайёр. Франкен  бу стратегияни ижобий баҳолаган ҳамда Белгиянинг Украина ҳудудидаги коалицияга қўшилишини ҳам инкор этмаган.  

Шу билан бирга, Европа Украина армиясининг жанговорлигини ошириш ва қурол-яроғ билан таъминлашга катта эътибор бермоқда. Шунингдек Украина хавфсизлигининг асосий кафолати қудратли армия эканлигини таъкидламоқда.

– Россия томонининг музокараларда иштирок этиш борасида жиддий нияти йўқлиги сабабли Европа Украина томонига имкон қадар кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатиш зарурлигига ишонч ҳосил қилмоқда, - деган Швеция мудофаа вазири Пол Юнсон.  

Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига журналистларга берган интервьюсида Украина мудофаа саноатини янада ривожлантириш учун яна 15 миллиард евро етишмаётганини айтган.  

Мухбирларнинг ЕИ бундай маблағларни қаердан тезда топиши мумкин, деган саволига Швеция мудофаа вазири Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш мумкин, деб жавоб қайтарган. Бироқ Европа Иттифоқи аъзолари бу масалада ҳалигача бир тўхтамга келишгани йўқ.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Y76PJi5SsL4" title="YEI kuchli bosim o‘tkazishga qaror qildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА