Еврокомиссия Грузияга визасиз тартибни бекор қилиш билан таҳдид қилмоқда. Бу борада Тбилисига расмий хат юборилиши кутиляпти. Кавказ давлати эса Европа Иттифоқининг ўзига нисбатан “демократиядан четлашиш” ҳақидаги айбловини инкор этмоқда.
ЕИ Грузия ҳукуматига босимни кучайтириб, 31 августгача расмий мактуб юбориш, визани либераллаштириш жараёнини тўхтатиш эҳтимолидан огоҳлантирди. Тузилма Грузиядан “демократик тамойилдан ортга чекиниш” сифатида баҳоланаётган ҳолатларга барҳам беришни талаб қилмоқда. Бу эҳтимолий чеклов сешанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида эълон қилинган.
– Шу пайтгача Грузия халқига зарар етказмаслик учун жараёнга аралашмадик, чунки визасиз режим бекор қилиниши ҳақиқатан оддий одамларга таъсир қилади, – деган Ташқи сиёсат бўйича олий вакил Кая Каллас. – Бинобарин, гап ўзаро ишонч ҳақида кетяпти.
Йирик бизнесмен Бидзина Иванишвили таъсиридаги ҳукмрон партия – “Грузия орзуси” мутасаддилари фикрича, ЕИ келаси йил октябрига белгиланган маҳаллий сайловлар арафасида жамоатчиликка босим ўтказишга уриниб, шу орқали натижага таъсир кўрсатмоқчи.
– Россия – Украина уруши бошлангандан буён Грузия ЕИ талабларига риоя қилмаяпти, РФга қарши санкцияга қўшилмай, мамлакатда “иккинчи фронт” очилишига йўл қўймади, – дея вазиятга ойдинлик киритган Тбилиси мэри, “Грузия орзуси” партияси Бош котиби Каха Каладзе. – Европа тарафидаги мухолифат эса ўтган йил октябрида бўлиб ўтган парламент сайловида ютқазди.
Бинобарин, ЕИ таркибидаги мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари орасида Грузия фуқаролари учун визасиз режимни тўхтатиш масаласига қараш турлича. Айримлар бу чора Грузияда салбий оқибатларни юзага чиқаришидан хавотирда. Сўров натижасига кўра, Грузия аҳолисининг 80 фоизи ЕИни қўллаб-қувватлайди.
– Биз чеклов Грузия халқига эмас, балки тазйиқ ва таъқиб учун масъул шахсларга қаратилиши керак, деб ҳисоблаймиз, – деган Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский.
Ёдингизда бўлса, ўтган йил кузда ўтказилган сайлов натижаси Грузияда олти ойдан зиёд давом этган ҳукуматга қарши кенг қамровли намойишларга сабаб бўлган эди.
ЕИ Грузия ҳукуматининг сўнгги пайт журналистлар ва мухолифат вакилларига нисбатан қўллаётган тазйиқ сиёсатидан жиддий ташвиш билдирмоқда. Фақат сўнгги ойлар ичида расмийлар камида етти нафар мухолифат вакилини ҳибсга олгани айтилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NXSNielJbFk" title="YEI Gruziyani vizasiz rejimdan mahrum qilmoqchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА