Европа Иттифоқи Фаластинга 1,6 миллиард евролик ёрдам тўплами ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг “Financial Times” газетаси ЕИ Ўрта ер денгизи бўйича комиссари Дубравка Шуика баёнотига таяниб ёзди.
12 апрель куни эълон қилинган ЕИ бош дипломати ҳамда Гуманитар масалалар ва Ўрта ер денгизи бўйича Европа комиссарлари интеграция бирлашмаси қўшма баёнотида Ғазо секторидаги гуманитар вазиятдан хавотир билдирилиб, Исроил томонидан Фаластин анклави қамал қилинишини тўхтатиш, ҳудудга инсонпарварлик ёрдамини қайта тиклашга тўсқинлик қилмасликка чақирилган.
– Брюссель Европа инвестиция банки ва Фаластин маъмурияти барқарор ривожланиши бўйича Европа жамғармасидан 1,2 миллиард евролик грант, 400 миллион еврогача кредит ажратилишини эълон қилади, – дея Шуика сўзларидан иқтибос келтирилган ахборотда.
Европа комиссари таъкидлаганидек, қарийб 620 миллион евро ҳукуматни молиявий қўллаб-қувватлашга, 576 миллион евро эса Ғарбий соҳил ва Ғазо секторини тиклашга йўналтирилади.
С.Раҳимов, ЎзА