Навбатдаги етти йиллик бюджетни тайёрлаш жараёнида Европа Иттифоқи учун соддалаштириш асосий шиорга айланган. Кўҳна қитъа аудиторлар суди эса қоидани ҳаддан зиёд енгиллаштириш миллиардлаб евро маблағ устидан назорат заифлашишига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.
2028-2034 йилларга мўлжалланган янги бюджетда илм-фан ва рақобатбардошлик учун 409 миллиард евро ажратиш режалаштирилган. Бу умумий миқдорнинг қарийб бешдан бир қисми. Аудиторлар фикрича, айнан шу соҳа хато, ортиқча тўлов ва пулдан нотўғри фойдаланиш хавфи энг юқори йўналишлардир.
Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен иккинчи муддатида бюрократияни камайтириш ва иқтисодий рақобатни кучайтиришни мақсад қилган. Шу йўлда “омнибус” аталмиш соддалаштирилган қонунчилик мажмуини илгари сурилмоқда. Танқидчилар мазкур жараён "соддалик" ниқоби остида ҳисобдорликни қурбон қилишидан хавотирда.
Аудиторлар судининг аниқ позицияси бор: молиявий бошқарувни енгиллаштириш шаффофлик, самарадорлик ва жавобгарликни камайтириш ҳисобига бўлмаслиги керак. Масалан, бир марталик молиялаштириш механизми қатъий ҳимоя чораларисиз жорий этилса, жамоат маблағи нотўғри сарфланиши эҳтимоли ортади.
Хавотир фақат шу билан чекланмаяпти. Еврокомиссия вице-президенти Тереза Рибера ҳам дерегулация чегарадан чиқса, харажат фуқаролар, солиқ тўловчилар зиммасига тушишини таъкидламоқда. Европа Парламенти эса янги қонунларда “тахминий ҳисоб-китоб” кўпайиб, аниқ назорат механизми заифлашаётганидан огоҳлантирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА