Франция бошчилигидаги ЕИ давлатлари гуруҳи АҚШга қарши «Мажбурлашга қарши кураш воситаси»дан фойдаланишни қўллаб-қувватлади. Бу восита ҳозиргача амалиётда қўлланмаган, деб хабар берди Euronews.
Вашингтоннинг Гренландияга нисбатан тобора тажовузкор баёнотлари ЕИ пойтахтларини 2023 йил охирида кучга кирган янги механизмни синаб кўришга мажбур қилмоқда. У Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар томонидан амалга оширилаётган иқтисодий босимга жавоб қайтариш имконини беради.
АҚШ президенти Дональд Трамп, Европанинг етакчи давлатлари унинг Гренландияни назоратга олиш истагига рози бўлмаганидан ҳайратда қолиб, 1 февралдан ЕИ нинг 8 та давлатидан келадиган товарларга қўшимча 10 фоизлик бож жорий этишини, июнь ойидан эса уни 25 фоизгача оширишини маълум қилди.
Бунга жавобан, Германия ва Франция молия вазирлари АҚШ томонидан иқтисодий босимга йўл қўймасликларини билдиришди. Улар “Мажбурлашга қарши кураш воситаси”дан фойдаланмоқчи. Масалан, бу восита ишга тушса ЕИнинг бир пойтахти билан можаро қилган учинчи давлат бутун иттифоқ бозорининг қаршилигига дуч келади. Бу ЕИнинг қоидаси бўлиб, у бошқа давлатлар томонидан қилинган иқтисодий босим ёки қўрқитишга жавоб қайтариши керак.
Содда қилиб айтганда, АҚШга ўхшаган давлат босим ўтказмоқчи бўлса, унга қарши чора кўради. Аввало, мулоқот қилиб муаммони ҳал қилишга уринади. Агар, фойда бермаса, қарши иқтисодий чоралар қўллайди. Масалан, АҚШ Гренландия масаласида ўз талабларидан воз кечмаса, ЕИ АҚШни тарифлар, савдо, хизматлар ва молия орқали “Европа бозоридан сиқиб чиқариш” билан босимни тўхтатишга мажбур қилиши мумкин.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AyQ15k6QxYQ" title="YEI AQSH bosimiga toqat qilmasligini bildirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА