Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбарияти Наманган вилоятига хизмат сафари билан келиб, мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрами муносабати билан “Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” бош ғоясини ўзида мужассам этган бир қатор савобли ишларни амалга оширди.
Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – Ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхона биносида саккиз нафар эҳтиёжманд оила вакилларига тикувчилик дастгоҳлари топширилди, энди улар замонавий дастгоҳ ёрдамида тикувчилик билан шуғулланиб, даромад топиш имконига эга бўлди.
Шундан сўнг, янги ўқув йилига туҳфа сифатида 31 нафар мактаб ўқувчисига кийим-кечаклар ва ўқув қуроллари тўплами топширилди. Эртамиз эгаларига аъло баҳоларга ўқиб, жамиятга муносиб фарзанд бўлиб вояга етишларига тилак билдирилди.

- Қизимизга янги ўқув йили учун мактаб формаси харид қилишда бироз қийналиб тургандик, - дейди Наманган шаҳридаги Байналмилал маҳалласида яшовчи учинчи гуруҳ ногиронлиги бор Саидисломбек Мамажонов. - Фонд томонидан бепул мактаб формаси ва ўқув қуроллари берилгани қўлимиз калталик қилиб турган паллада жонимизга оро кирди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, вилоятдаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғини идораси масъулларига компьютерлар жамланмаси ҳамда мебеллар тўплами учун сертификатлар топширилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Дилшод Усмонов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган “Саховат” кексалар ва ногиронлар уйига бориб, бу масканда яшовчилар билан суҳбат қурди. Нуронийларга фонднинг эсдалик совғаларини топширди.
Фонд раҳбари хизмат сафари давомида Янгиқўрғон туманидаги “Соҳибкор” ва Косонсой туманидаги “Ровот” маҳалла фуқаролар йиғинлари учун қуриб битказилган янги биноларнинг тантанали очилиш маросимида ҳам иштирок этди.

Равотдаги маҳалла гузари қурилиш ишларига 352 миллион сўм, Соҳибкор маҳалласи идорасини бунёд этиш учун эса 356 миллион сўм маблағ сарфланди. Ушбу маҳаллаларда яшовчи 10 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга эсдалик совғалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, мазкур оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА