Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ҳамда туман ва шаҳарлар имом хатиблари Рамазон ойи ҳамда Наврўз байрами муносабати билан эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиб, уларга совға-саломлар улашмоқда.
Жумладан, вилоят ва Самарқанд шаҳар бош имом хатиблари вилоят ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига бориб, бу ерда истиқомат қилаётган 145 нафар нуроний отахон ва онахонга ҳомийлар томонидан тақдим этилган 30 миллион сўмлик эҳсонлар улашилди. Бу ерда ўтказилган маърифий суҳбат чоғида муқаддас Рамазон ойининг фазилатлари, давлатимиз томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламига кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, Абдулла Қаҳҳор маҳалласидаги ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

– Рамазон меҳр-мурувват ойи ҳисобланади, - деди вилоят бош имом- хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Бу ойда ҳар бир мўмин-мусулмон киши имкон қадар хайрли амаллар, савобли ишлар қилишга интилади. Айни кунларда вилоятимизда ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар, саховатпеша инсонлар томонидан эҳтиёжмад оилалар, бемор ва ногиронлиги бўлган кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари топширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон мусуломонлари идораси вилоят вакиллиги, жойлардаги имом- хатибларимиз ҳам фаол иштирок этиб, ўз ҳиссаларини кўшмоқда.

Нарпай ва Нуробод туманларидаги имом-хатиблар томонидан юзга яқин кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор ва шу каби тоифадаги оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга 46 миллион сўмлик эҳсонлар улашди.

Нуробод тумани имом-хатиблиги ташаббуси билан тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари учун ифторлик дастурхони ёзилиб, уларга Рамазон ҳадялари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири