Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжмандларга байрам туҳфаси
17:04 / 2026-01-02

Янги йил муносабати билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва байрам кайфиятини улашиш мақсадида хайрли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Тўрақўрғон туманидаги Ибрат ва Паросмон маҳаллаларида истиқомат қилувчи кам таъминланган, якка ёлғиз ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари жамламаси ҳамда Янги йил совғалари топширилди.

Мазкур тадбир давомида оилаларнинг турмуш шароити ўрганилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди. Бу каби эзгу ишлар аҳоли ўртасида меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қолаверса, бюронинг вилоят бошқармаси инсон қадрини улуғлаш, меҳнат фахрийларига ҳурмат ва эътибор кўрсатиш мақсадида хайрли ташаббусни амалга оширди. Хусусан, бошқарма раҳбарияти ва ходимлари томонидан узоқ йиллар давомида ҳалол меҳнати, фидойилиги ва касбий тажрибаси билан тизим ривожига салмоқли ҳисса қўшган бир қатор соҳа фахрийлари ҳолидан хабар олинди.

Меҳнат фахрийлари ҳам кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, ўзларининг самимий дуо ва эзгу тилакларини изҳор этди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.