Рамазон ойи нафақат ибодат, Аллоҳнинг ажру савобларига эришиш, балки хайру саховат, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамловчи муборак ойдир.
Президентимизнинг "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида" ги қарори, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Сирдарё вилоятидаги 239 та маҳаллада "Темир дафтар", " Аёллар дафтари" да турган эҳтиёжманд аҳоли вакиллари, ногирон, нуроний, ягона ижтимоий реестрида турган фуқаролар учун ифторлик дастурхони ёзилади.

– Бунинг учун давлат бюджетидан 2 миллиард 151 миллион сўм маблағ ажратилган, – дейди "Маҳалла" хайрия жамғармаси бошқарув раиси ўринбосари Анвар Нарзуллаев. –"Маҳалла" хайрия жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими, унинг туман ва шаҳар бўлинмалари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ушбу борадаги тадбирларни ташкил этади.

Вилоятнинг Сайхунобод, Гулистон, Сардоба тумани ҳамда Ширин шаҳридаги 4 та маҳаллада ташкил этилган ифторлик дастурхонига 195 нафар нуроний, 48 нафар ногирон, 177 нафар эҳтиёжманд, 210 нафар "Темир дафтар", 35 нафар "Аёллар дафтари", 100 нафар ягона ижтимоий ҳимоя реестрида турган, 75 нафар бошқа тоифадаги фуқаролар таклиф этилиб, рўзадорларга меҳр улашилди.

Энг муҳими, бу ишларни ташкил этиш, ифторлик дастурхонини кўнгилдагидек ташкил этиш учун ҳудудларда туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, нуронийлар, маҳалла йиғинлари масъул бўлиб, рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳр-саховат , тинч ва осойишта ҳаётни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш каби эзгу фазилатлар уларга намоён этилади.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА