Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Рамазон бу шунчаки рўза тутиш ойи эмас, балки инсон кўнглидаги меҳрни уйғотиш, яхшилик қилиш орқали жамиятни бирлаштириш, кексаларни қадрлаш ва муҳтожларга елкадош бўлиш давридир.
Бинобарин, Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам хайру саховат ва шукроналик ғояларини ўзида мужассам этган муборак Рамазон ойида жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланди.
Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов "Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи" шиори остидаги тадбирлар доирасида кексалар ҳолидан хабар олди.
[gallery-27887]
Хусусан, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов ҳамроҳлигида Янгиқўрғон туманидаги Оқтепа маҳалласида истиқомат қилувчи 104 ёшли Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муҳаммадиброҳим ота Иномов хонадонида бўлиб, бир дастурхон атрофида ифторлик қилди.
Самимиятга йўғрилган суҳбатда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшлар таълим-тарбияси ва мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари хусусида фикр алмашилди. Дуоларда Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган эзгу амаллар эътироф этилди. Ватанимиз осмони доимо мусаффо, тинчлик бардавом бўлиши тиланди.
Дарҳақиқат, улуғ ойда юртимизда инсон қадри янада улуғланиб, эҳтиёжманд ва кексаларни эъзозлаш эзгу анъанага айланмоқда. Вилоят раҳбари шунингдек, Янгиқўрғоннинг тоғли ва адирлик манзиллари – Оқтепа, Нов ва Поромон маҳаллаларида умргузаронлик қилаётган нуронийлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олди.
Жумладан, ўн бир фарзанднинг онаси, 80 нафар набира-чевараларнинг бувижониси, оқтепалик Мелихон Тошматова кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан мамнунлигини изҳор этди. Дуога қўл очиб, бугунги дориломон, осойишта ва эмин-эркин ҳаёт учун шукроналик билдирди. Шунингдек, новлик фронт орти меҳнат фахрийси, 96 ёшли Қирғизхон ая Муродова ҳам йўқловдан беҳад мамнун бўлди.
Рамазони шариф муносабати билан Наманган вилоятидаги савобли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Зеро, бундай эзгу йўқловлар ва самимий мулоқотлар эса бу муборак ойнинг маънавий аҳамиятини янада юксалтирмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА