Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинди
20:10 / 2024-06-17

Саховат ва меҳр-оқибат нафақат жамият, балки ҳар бир инсоннинг маънавий бойликка эришишига ёрдам беради.

Ана шундай эзгу амаллар, айниқса, муқаддас айём кунларида яна бир карра намоён бўлмоқда.  

Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Боғиафзал” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи “Аёллар дафтари”нинг 5-босқич 1-тоифасида рўйхатда турувчи Гулбаҳор Нурмуродованинг хонадонига  туман ҳокими А.Файзуллоев, ҳоким ўринбосари– оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи  М.Тилавованинг кутилмаганда кириб келиши оила аъзоларини хурсанд қилди.  

Бу оила билан кечган самимий суҳбат чоғида ҳоким уларни Қурбон ҳайити билан табриклади. Шунингдек, хонадон муаммолари ўрганилди. Оилага озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Г.Нурмуродова бу каби эътибордан жуда мамнун эканлигини айтиб, ўз миннатдорчилигини билдирди.

–Ҳоким бошчилигидаги мутасаддилар улуғ айём куни хонадонимизда меҳмон бўлди, –дейди Г.Нурмуродова. –Бундан бошимиз кўкка етди. Жуда ҳам хурсанд бўлдик. Бизнинг муаммоларни ўрганишди. Ҳайитликлар беришди. Эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.  

Туман ҳокими Алишер Файзуллоев бир қатор корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамроҳлигида Шибирғон маҳалласидаги фуқароларни ҳам йўқлаб борди.  

Дастлаб масъуллар тўқсон ёшни ортда қолдирган, узоқ йиллар колхозда ҳалол меҳнат қилган Зулайҳо она Қаюмованинг ҳолидан хабар олди.  

Шибирғон қишлоғида аяни алоҳида ҳурмат билан тилга олишади. Боиси турмуш қийинчиликларини мардона енгган нуроний бувижоннинг сабр-бардоши, камтаринлиги, оиласига садоқати кўпчилик учун ибрат мактабидир.  

Шундан сўнг, мутасаддилар шу маҳалладаги матонатли, ташаббускор аёл Қундуз Исломованинг хонадонига борди. Опа 6 нафар ногиронлиги бор шахсга доимий тарзда ғамхўрлик кўрсатиб, уларнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туради. Ҳоким бу каби қалби эзгуликка тўла инсонларнинг борлиги, уларнинг хайрли амаллари барчага намуна эканлигини алоҳида таъкидлади.  

Навбатдаги манзилда Дўрмон маҳалласида яшовчи, 3 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказиб келаётган Ҳикматулло ака Султоновнинг ҳолидан хабар олиниб, Қурбон ҳайитининг туҳфалари топширилди.

Шунингдек, шу маҳаллада истиқомат қилиб келаётган Мавжуда опа Зариповага қувонч улашилиб, ҳайитлик берилди.  

Зариф Комилов,  

ЎзА мухбири