English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олинди
16:17 / 2023-12-30

Ҳар бир байрамнинг ўзига хос шукуҳи ва қувончлари бор. Анъанага кўра, ҳар бир байрам арафасида эҳтиёжманд, якка ёлғиз, боқувчисини йўқотган, кўп болали оилалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 100 ёшдан ошган нуроний отахон ва онахонларнинг ҳолидан хабар олинади.

Янги йил муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ва унинг туманлардаги бўлинмалари томонидан туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда хайрли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Кармана тумани Дўрмон қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 104 ёшни қарши олган Пирназар бобо Турдиев, Иккинчи жаҳон уруши меҳнат фронти қатнашчилари – Навоий шаҳрида яшовчи Людмила Коваль, Хатирчи тумани  Чоштепа  қишлоғида яшовчи Мамаюсуф бобо Дўлопов ҳолидан хабар олиниб, улар билан дилдан суҳбат қурилди ва уларга байрам совғалари топширилди.  

Нуронийлар  кўрсатилаётган эътибордан хурсандчиликларини яширмай, юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган барча юртдошларимиз ҳаққига дуо қилишди.  

– Мамлакатимизда биз каби нуронийларга кўрсатилаётган чексиз ҳурмат ва эҳтиромдан бошимиз осмонга етмоқда, – дейди Пирназар бобо Турдиев. – Биз ана шундай ўтганларни хотирлаб, ҳаёт бўлганларни эса қадрлаган давлатда, кексалик гаштини сураётган нуронийларга юксак ҳурмат кўрсатилган жамиятда яшаётганимиз учун миннатдормиз. Янги Ўзбекистонимизда доимо тинчлик, фаровонлик ҳукм сурсин.  

Туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарларининг таклифларига биноан қабул қилинган  Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари қарорларига асосан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмалари ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан Янги йил муносабати билан 1520 нафар эҳтиёжманд оилага 926 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Албатта, кекса авлод вакиллари билан ўтказиладиган ҳар бир учрашув, ҳар бир байрам тадбири нафақат тарих ва хотира, балки ота-боболаримиз жасоратини тарғиб қилиш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

 

А.Бўриев,  

ЎзА мухбири