Бухоро вилояти Ромитан туманида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда ижтимоий етимларнинг оилавий шароитлари ўрганилди. Уларнинг муаммолари, қизиқишлари ва орзу-истакларидан келиб чиқиб йўл хариталари ишлаб чиқилди. Ромитан тумани ҳокими қарори билан “Меҳр дафтари” платформасига жойлаштирилди.
“Меҳр дафтари”га киритилган 11 нафар вояга етмаганлар учун “Меҳр дафтари” жамғармаси ҳисобидан 28 миллион сўм ажратилди. Уларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун 6 дона замонавий ноутбук ҳамда 5 та ётоқ учун мебеллар олиб берилди.
Туман ҳокими Умиджон Барноев бошчилигида мутасаддилар тумандаги “Миришкор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Асрор Раимов хонадонида тарбияланаётган 5 нафар болаларнинг яшаш шароитини ўрганди.
–Ўрганишлар давомида болаларни яшаш хонадонларини тартибга келтириш, уларни дарс тайёрлашлари учун барча шароитларни яратиб бериш топшириғи туман раҳбари томонидан тегишли мутасадди ва раҳбарларга берилди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Ф.Саломов. – Шундан сўнг, инглиз тили ва IT йўналишига қизиқиш билдирган Жаҳонгир Раимовга замонавий планшет совға қилинди. Оилага қўшимча равишда 20 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Зариф Комилов, ЎзА