Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими ҳамкорлигида Ийди Рамазон муносабати билан “Саховат карвони” тадбири ўтказилди.
Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорда халқимиз учун асрлар давомида эзгулик, меҳр-оқибат, хайру саховат, маънавий покланиш айёми бўлиб келаётган муборак Рамазон ойида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани, барча ҳудудларимизда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида эҳсон дастурхонлари ёзилиб, эл-юртимизнинг тинчлиги, бахти ва келажаги учун дуойи фотиҳалар қилинаётгани бу ойнинг файзу тароватини янада ошираётганлиги таъкидланган. Шунингдек, қатор ташкилотларга Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш, эҳтиёжманд, ногирон инсонларнинг кўнглини кўтариш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

– Халқимиз томонидан эҳтиёжманд, ногирон, якка-ёлғиз яшаётган инсонларга ҳамиша меҳр-мурувват кўрсатиб келинган, – дейди Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди раҳбари Зардуна Исмоилова. – Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда ана шу тоифадаги инсонларни ижтимоий, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Муборак Рамазон ойида эҳтиёжмандларнинг кўнглини кўтариб, қолаверса, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилган “Саховат карвони” тадбирида вилоятдаги 25 нафар эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган шахс ҳолидан хабар олинди, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

– Муборак Рамазон кунларида, ҳайит байрами арафасидаги йўқловдан беҳад мамнун бўлдим, – дейди Жалақудуқ туманидаги Қадақсин маҳалласида яшовчи Салимахон Тўхтасинова. – Эътибор, кўрсатилган ёрдам учун мингдан-минг раҳмат. Саховатпеша инсонларга Яратганнинг ўзи икки дунё саодатини берсин.

Жалақудуқ туманида яшовчи Иродахон Қўлдошева, Фаридахон Маматова, Раънохон Норқўзиева, Андижон туманида яшовчи Шукрона Ғанижонова, Дилрабо Акбарова, Шаҳноза Дониёрова сингари опа-сингилларимиз ҳам йўқловдан хурсанд эканликларини таъкидлаб, Президентимизга, саховатпеша инсонларга ўз миннатдорчиликларини билдирди.
Ҳайит байрами муносабати билан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида юқоридаги каби саховат ва йўқлов тадбирлари давом этмоқда.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари