Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтар”лари жорий этилган эди.
Айни пайтда ушбу дафтарларга киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш ишлари режали ташкил этилиб, мувофиқлаштирилмоқда. Аҳолининг томорқа ерлардан унумли фойдаланиш ва қўшимча даромадга эга бўлиш борасидаги тажрибалари бойитилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги фаолияти давомида ушбу йўналишдаги ишларни ҳам батафсил ўрганмоқда. Бу эса мазкур тизимнинг жойларда қай тартибда ишлаётганлиги ҳамда ушбу дафтарларга киритилган фуқароларни қамбағалликдан чиқариш борасида қилинаётган ишлар ҳолатини таҳлил қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоев Самарқанд вилоятининг Пайариқ ва Жомбой туманларига ташрифи чоғида айни шу масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Депутат Пайариқ туманидаги “Сарисув”, “Чоштепа”, “Оққўрғон”, ”Хўжа Исмоил”, “Маниобод”, Жомбой туманидаги “Каттақишлоқ” ва “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Маҳаллалардаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг ижтимоий аҳволи билан танишди. Хусусан, Пайариқ туманидаги “Хўжа Исмоил” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Мирзаев, “Каттақишлоқ” маҳалласида яшовчи Д.Қаршиева ва С.Қироновлар хонадонида бўлиб, “Темир дафтар”дан чиқариш учун амалга оширилган ишларни ўрганди.
Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Kўзланган эзгу мақсадларнинг рўёби эса нафақат юртдошларимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга, балки мамлакатимизнинг жаҳондаги ривожланган давлатлар сафига қўшилишига мустаҳкам замин яратади.
Халқ вакили мулоқот чоғида Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган янги қонунлар, мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси ҳақида маълумотлар бериб, одамларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА