Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд оилаларга Янги йил туҳфалари
13:55 / 2024-12-29

Ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларга ёрдам бериш халқимизга хос миллий қадриятларимиздан. Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган айни кунларда бу эзгу анъана янада ёрқин кўзга ташланмоқда.

Наманган вилоятида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларнинг жойлардаги кам таъминланган оилаларга мурувват кўрсатишга қаратилган таклифлари бўйича, улар тузган рўйхат асосида боқувчисини йўқотган, ногиронлиги ва етим болалари бўлган 250 та оила вакилларига шодлик улашилди.

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида меҳрга ташна хонадон соҳиблари ва уларнинг жажжи фарзандлари учун вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари ижросида концерт дастури уюштирилди. Вилоят сектор раҳбарлари ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси томонидан 20 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда Янги йил совғалари тақдим қилинди.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни Янги йил байрами билан табриклаб, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ижтимоий сиёсат натижасида вилоятда камбағаллик даражаси 15,7 фоиздан 7,2 фоизга тушганлиги, бугунги кунда 6 минг 122 камбағал оила доимий равишда қўллаб келинаётганлигини таъкидлади.

– Ҳаёт бир текисда давом этмайди. Кимгадир машаққатли синовлар берилади. Буни сабот ва ирода билан енгиш мумкин. Ногиронлигим бўлсада, асло нолимайман, – дейди Учқўрғон тумани Шовот маҳалласида яшовчи Зуҳра Ғофурова. – Наманган муҳандислик-қурилиш институтида информатика мутахассислиги бўйича таҳсил олдим. Тез орада янги ишда фаолиятимни бошлайман. Янги йил арафасида мени туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, устозим Расулбек Мадраҳимов байрам тадбирига таклиф қилди. Очиғи, ҳозиргача бундай шодиёналарга бормагандим. Вилоятимиз ҳокими қўлидан совғаларни қабул қилганимдан бағоят хурсандман.

Байрам тадбирида болажонлар Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонларининг чиқишларидан завқ олди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА