Саховатнинг савоби улуғ. Давлатимиз томонидан камхарж, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор, якка-ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш давом этади.
Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган совуқ ҳаво шароитида аҳолига коммунал хизмат кўрсатишда бир қатор муаммолар юзага келди. Бу вазиятда эса ҳудудларда ҳокимлар, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда.

Наманганда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги вилоят “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 540,5 миллион сўм маблағ ажратилиб, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этишга аҳамият қаратилмоқда.
Хусусан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан эҳтиёжманд оилаларга жамғарманинг қўшимча маблағлари эвазига аҳолига бепул кўмир тарқатиш йўлга қўйилди. Унга кўра, маҳаллалар кесимида жами 6 мингта оилага 1800 тонна ёқилғи етказиб берилди. Бунда рўйхатга киритилган ҳар бир хонадонга ўртача 300 килограммдан кўмир етказилди. Жумладан, Чортоқ туманида 402 та оилага 120,6 тонна, Наманган туманида 53 та маҳаллага 120 тонна, Уйчи туманида 460 оилага 138 тонна кўмир етказиб бериш ишлари олиб борилди.

– “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан бепул кўмир тарқатиш билан бирга аҳоли хонадонларига табиий газ етиб бормаган қисмига суюлтирилган газ таъминоти кучайтирилди, вилоятдаги 788 та маҳаллада қўли очиқ тадбиркорлар томонидан иссиқ овқатлар тайёрланиб, аҳолига бепул тарқатилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими бош мутахассиси Жобирхон Шокиров. – Қолаверса, кўчаларни тозалов ишларини амалга ошираётган ободонлаштириш корхонасининг ишчиларига иссиқ овқат, иссиқ чой ва қаҳва тарқатилмоқда.

Қаҳратон қишнинг совуқ кунларида юзага келган қийинчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда аҳамият касб этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА