Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани Обод маҳалласи ҳудудида ҳозир 3 минг 196 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу ҳудудда 944 та оила ва 744 та хонадон мавжуд бўлиб, 72 нафар фуқаро ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган.
Аҳолининг фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни жойида аниқлаш ҳамда уларни индивидуал ёндашув асосида ҳал этиш мақсадида маҳаллада комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилган. Мазкур тизим орқали эҳтиёжманд оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилиб, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йил давомида маҳалладан 500 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди. Бу эса жорий этилган тизимнинг амалий самарадорлигини яққол намоён этмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш йўналишида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Шаҳло Нурматова камбағаллик реестрида турган ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган. Унга ноябрь ойида бир марталик бир миллион сўм миқдорида газ ва электр энергияси тўлови учун ва 6 ойлик моддий ёрдам ажратилган. Шунингдек, “Вақф” жамғармаси орқали озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган ҳамда санаторийга бориш учун навбатга қўйилган.
Шу билан бирга, маҳалладаги Турдиали Нурматов ҳам камбағаллик реестрида турган ва ногиронлиги бўлган шахс сифатида санаторийга юбориш учун навбатга қўйилди ҳамда тиббий кўрикдан ўтказилган. Бу оиладаги яна бир аъзо У.Нурматов камбағаллик реестрида турган шахс сифатида касб-ҳунарга йўналтирилиб, ҳозирги кунда электр монтаж соҳасида ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритмоқда.
Таъкидлаш жоиз, ушбу оила дастлаб камбағаллик реестрининг “қизил” тоифасида бўлган бўлса, амалга оширилган манзилли ёрдам ва қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида бугунги кунда “яшил” тоифага ўтказилган.
Бу каби ишлар маҳаллада олиб борилаётган комплекс ижтимоий хизматлар тизими аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган самарали механизм эканини кўрсатади.
Маҳлиёбону Фахритдинова,
Ўрта Чирчиқ тумани Обод маҳалласи ижтимоий ходими.
ЎзА.