Куз-қиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг маиший харажатларини енгиллаштириш мақсадида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Мадина Азизова билан суҳбатимиз шу хусусида бўлди.
—Мазкур моддий ёрдам қайси тоифадаги оилаларга берилмоқда?
— Бу моддий ёрдам эҳтиёжманд оилаларга ажратилади. Жумладан, боқувчиси йўқ, ногирон, оғир касал аъзолари бор оилалар, газ таъминоти йўқ кўп қаватли уйларда яшовчилар, якка ёлғиз яшовчи кексалар, фақат пенсия (нафақа)га яшовчи оилалар, вақтинча ишсиз аъзоси бор оилаларга ажратилмоқда.
—Дастур доирасида қанча маблағ ажратилди?
— Давлат бюджетидан бир марталик моддий ёрдам тўлаш учун 1,2 триллион сўм маблағ ажратилди. Ҳар бир оилага 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилди.
—Ўтган йилда куз-қиш мавсумида моддий ёрдам қанча ажратилган эди?
— Ўтган йил иситиш мавсумида қўшимча равишда 120 минг оилага 270 минг сўмдан моддий ёрдам ажратилган эди, бу йилга нисбатан 2,5 баробар кам.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 апрелдаги ПҚ-134-сон қарорига мувофиқ, 2025/2026 йилги иситиш мавсумида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш учун 1 миллион 162 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оила рўйхати шакллантирилди.
— Рўйхат қандай тартибда тузилди?
— Мазкур рўйхатга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва камбағал оилалар реестрларига киритилган 822 мингта оила киритилди. Шунингдек, “Маҳалла еттилиги” хулосасига кўра қўшимча равишда 287 мингта оила қўшилди. 53 мингтаси эса камбағалликдан чиқиб, қайта камбағалликка тушиш хавфи юқори бўлган оилалардан ташкил топган.
— Қўшимча рўйхатда қандай оилалар назарда тутилган?
— "Маҳалла еттилиги" томонидан қўшимча эҳтиёжманд оилалар рўйхатига 34 минг боқувчиси йўқ оила, 7 минг ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, 76 минг ногирон ва 24 минг оғир касал аъзолари бор оилалар киритилган.
Шунингдек, 2 мингта газ таъминоти йўқ кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар, 26 минг уч ва ундан ортиқ оила биргаликда яшовчи оилалар ушбу рўйхатга киритилган.
Бундан ташқари, фақат пенсия (нафақа)га яшовчи 69,7 минг оила, боқувчиси миграцияда ва кам даромад олувчи 35 минг оила, вақтинча ишсиз аъзоси бўлган 15,2 минг оила, якка ёлғиз яшовчи 2,3 минг оила қўшимча рўйхатга жалб этилган.
— Моддий ёрдамни қоплаш имконияти қандай ҳисобланган?
— 2024/2025 йил иситиш мавсумида ушбу оилалар ўртача 254 кВт электр ва 514 куб метр табиий газ истеъмол қилган. Ўрганишлар натижасида уларнинг харажати тахминан 815 минг сўмга ортади. Бир марталик 1 миллион сўмлик моддий ёрдам эса ушбу харажатларни тўлиқ қоплайди.
— Моддий ёрдам қандай тарзда тўланади?
— Моддий ёрдам пуллари 2025 йил 27 октябрдан бошлаб тўланиши бошланди. Фуқароларнинг банк пластик карталарига тўлиқ молиялаштирилди. Нақд пул олувчиларга сайёр кассалар орқали етказиб берилмоқда.
Бу моддий ёрдам аҳоли харажатини енгиллаштириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга хизмат қилади. Иккинчи томондан, бу тизим орқали давлат эҳтиёжманд оилаларни аниқ ва адолатли равишда қўллаб-қувватламоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hUPW9wEE2eA" title="Ehtiyojmand oilalarga 1 million so‘mdan bir martalik moddiy yordam ajratildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА