Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд оилалар янги уйга кўчиб ўтди
17:05 / 2022-09-23

Самарқанд тумани Қорасув маҳалласи ҳудудида эҳтиёжманд оилалар учун 11 та кўп қаватли уй қурилмоқда Бугун бу уйларнинг 6 таси фойдаланишга топширилди, 144 та оила янги уйга кўчиб ўтди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг сайёр қабулларида ва маҳаллалардаги учрашувларида Самарқанд шаҳри ва туманидан кўплаб фуқаролар уй-жой масаласида мурожаат қилган эди. Шунингдек, айрим кишилар турмуш кечириш учун ноқулай жойларда, эски, яроқсиз уйларда яшаб келаётгани аниқланган. Ана шу ҳолатлар ҳисобга олиниб, Самарқанд туманидаги Қорасув маҳалласи ҳудудида эҳтиёжманд оилалар учун 11 та кўп қаватли уй қурилишига киришилди. Айни пайтда қурилиш ишлари бирин-кетин якунига етиб, тайёр бўлган хонадонлар аҳолига топширилмоқда.

– Бугунги қувончимиз ва ҳаяжонимизнинг чегараси йўқ, – дейди янги уй эгаларидан бири Нажмиддин Ҳотамов. – Оилада 12 кишимиз. Кекса ота-онам, укам ва фарзандларим бир уйда яшар эдик. Бунинг устига уйимиз яроқсиз, қулаб кетиш арафасида эди. Мана энди ҳар бир оилага уй берилмоқда. Бу эътибордан жуда хурсандмиз.

– 65 ёшдаман, турмуш ўртоғим билан 10 фарзандни катта қилдик, – дейди Саноат Давронова. – Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов биз аввал яшаган хароба уйларимизни бориб кўрган эди. Мана қисқа вақт ичида шундай кўркам уйлар қурилиб, биз каби оилаларга топширилмоқда. Бугун икки хонадонли янги уйимизга кўчиб ўтдик. Гўёки ҳаётимиз янгидан бошланаётгандек. давлатимиздан, раҳбарларимиздан миннатдормиз.

Уйларни ўз эгаларига топширишга бағишланган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, хонадон эгаларини табриклади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА