Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд оилалар учун ифторлик
14:42 / 2023-04-03

Давлатимиз раҳбарининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори, унда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Бухоро вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда.

Айни кунларда секторлар раҳбарлари, имомлар жойларда ифторлик ташкил этиб, ҳикматли сабр ойида меҳр-мурувват ва саховат каби юксак фазилатларни кенг намоён этмоқда.  

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Қоракўл туманидаги “Ташаббус” маҳалласида яшовчи Абдулла ака Қурбонов хонадонида ифторлик қилди.  

Абдулла аканинг хонадонидаги ифторлик дастурхонига унинг қўшнилари, диний уламолар таклиф этилди. Тўкин дастурхон атрофида Ватанимизга тинчлик, жойларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга бардавомлик, ҳар бир хонадонга файзу барокат тилаб, дуо қилинди. Мамлакатимизда юз бераётган беқиёс ўзгаришлар, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар, жойларда кенг қулоч ёзаётган миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни сингари мавзуларда дилдан суҳбатлашилди.  

Абдулла акага маҳалладагилар “суяги далада қотган” деган таърифни беришади. Бу бекорга эмас, у бутун умр қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритган.  

– Дастлаб жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлганман, –дейди Абдулла ака Қурбонов. – Кейин фермерчилик ташкил этилгач, маҳалламиздаги шу хўжаликда ишладим. Хўжаликда қайси ишни бажармай, астойдил меҳнат қилишга ҳаракат қилардим. Кўп йиллар давомида хўжаликда биринчиликни қўлдан бермаганмиз. Шу меҳнатимиз ортидан турмуш ўртоғим билан 4 қиз, бир ўғилни вояга етказдик. Бирин-кетин уларни уйли-жойли қиляпмиз. Аввало, тинчлигимизга кўз тегмасин деймиз. Унга тенг неъмат йўқ.  

Абдулла ака нафақага чиқиб ҳам “тинч ўтирмайди”. Ҳовлисидаги томорқасида экин-тикин юмушлари билан банд.  

–Томорқа файз-барака манбаи, – дейди Абдулла ака Қурбонов. – 20 сотихдан ортиқроқ томорқамиз бор. Ҳар йили помидор, сабзи, картошка сингари маҳсулотлар етиштириб, яхшигина ҳосил оламиз. Унинг бир қисмини оиламиз ва қўни-қўшнилар билан баҳам кўрамиз. Қолганини бозорда сотиб, кам-кўст учун сарфлаймиз. Қолаверса, томорқамизда иссиқхона ҳам ташкил этганмиз. Ўтган йили иссиқхонадан ҳам яхшигина даромад олдик.  

Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” маҳалласида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ифторлик хайрия тадбири ташкил этилди.  

Тадбирда вилоят прокурори Маҳмуд Истамов, сектор раҳбарлари ҳамда нуронийлар ва рўзадорлар, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар аъзолари қатнашди.  

Ифторлик дастурхони атрофида кексалар дуога қўл очиб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровон ҳаёт тилаб шукроналик билдирди.  

Вилоятнинг барча маҳалла ва қишлоқларида секторлар раҳбарлари, диний идоралар вакиллари ҳамда оқсоқоллар иштирокидаги серфайз ифторликлар давом этмоқда.  

Зариф Комилов, ЎзА