Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи
Халқимиз учун асрлар давомида эзгулик, меҳр-оқибат, хайру саховат, маънавий покланиш айёми бўлиб келаётган муборак Рамазон ойи шукуҳи қалбларга ҳузур бағишламоқда.


Бинобарин, Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида фазилатли ойни халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш, айниқса, раҳмат ва мағфират нурлари ёғиладиган ушбу саодатли кунларда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Наманган вилоят ҳудудий филиали томонидан “Она” жамоат фонди билан ҳамкорликда жойларда “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.


Унда Наманган шаҳри, Давлатобод ва Янги Наманган туманларининг ободонлаштириш ташкилотларида ишловчи 250 нафар ишчи-ходим, вилоят ихтисослаштирилган болалар стоматология поликлиникасининг 50 нафар хотин-қиз тиббий ходими, яна маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 200 нафар эҳтиёжманд аёлига озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси тарқатилди.
– Қутлуғ ойдаги бундай хайрия ишлар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳру оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Наманган вилоят ҳудудий филиали директори Хайрулло Ортиқов. – Ушбу савобли ҳаракат орқали кўплаб оилалар дастурхонига барака, кўнглига қувонч улашиш мақсад қилинди. Меҳр-оқибат ва саховат руҳи асосида амалга оширилган хайрли ташаббусга жавобан аҳоли томонидан миннатдорлик изҳор этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА