Навоий шаҳридаги “Жанубий” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими, туман (шаҳар) бўлинмалари томонидан 2021 йил давомида тизимда амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган кенгайтирилган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Тизим ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев 2021 йил давомида фонд тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, уларни бартараф этиш, жорий йилда фонд олдига қўйилган вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинлари фуқароларнинг ўз муаммо ва таклифларини билдирадиган масканга айланиб, жамиятимизда мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда. Маҳаллалар ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажаришлари учун барча ҳуқуқий асослар, етарли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Маҳалла тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида мамлакатимизда 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинди.
– 2021 йил давомида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан вилоятдаги 69 та маҳалла фуқаролар йиғинлари 445 миллион 711 минг сўмлик компьютер жамланмаси билан таъминланди, 21 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 155 миллион сўмлик мебель жамланмалари олиб берилди. 168 та маҳалла фуқаро йиғинларининг 110 миллион сўмлик коммунал тўловлардан қарздорликлари қоплаб берилди, – деди Ф.Солиев. – Шунингдек, вилоятимиздаги 307 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 986 нафар ходимларига 1,3 миллиард сўм миқдорида бир марта тўланадиган моддий ёрдам пуллари тўлаб берилди.
Фонднинг вилоят бўлими, туман (шаҳар) бўлинмалари томонидан ўтган йил давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва кўп фарзандли оилалар, якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган жами 900 нафар фуқароларга қарийиб 288 миллион сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Пандемия шароитида Президентимиз ташаббуслари билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан Халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари асосида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” “Ёшлар дафтари”да турувчи эҳтиёжманд фуқароларга турли хайрия ёрдамлари кўрсатилди.
Жамғарма ҳисобидан ажратилган 29,5 миллиард сўмлик хайрия ёрдамлари эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам (пул шаклида), озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари етказиб бериш билан бир қаторда касал бўлган эҳтиёжманд фуқароларда жарроҳлик амалиёти ўтказиш ва соғлигини тиклаш, ишсиз фуқаролар бадлигини таъминлаш, ногирон аёлларнинг уй-жойларини таъмирлаш, “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларни мамлакатимиз бўйлаб тарихий жойларга саёҳатини ташкил қилиш каби мақсадларга йўналтирилди.
Ижтимоий дафтарларга киритилган эҳтиёжманд оилалар ва ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг қарорига асосан, жами 1500 та асалари оиласи харид қилиниб, Кармана, Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота ва Конимех туманларида истиқомат қилувчи 431 нафар эҳтиёжманд оилаларга беғараз тарқатилди. Вилоятимизда уйда ўтирган, ишсиз, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган 2000 дан ортиқ хотин-қизларга 20 бошдан парранда олиб берилди.
“Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган тиббий-ижтимоий хизматга муҳтож 100 дан ортиқ хотин-қизларда Халқ депутатлари вилоят кенгашининг қарорига асосан даволаш ва жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган 2000 дан ортиқ хотин-қизларнинг мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлари, дам олишлари, санаторийларда даволанишлари учун 1 миллиард 273 миллион, биринчи гуруҳ ногиронлиги бор, шароити оғир бўлган 65 нафар аёлларнинг уй-жойлари таъмирлаб бериш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Шунингдек, “Шифо-Нур” клиникаси билан ҳамкорликда тиббий-кўрик хайрия акцияси ўтказилиб, 1000 дан ортиқ беморларга бепул тиббий кўрик ва маслаҳатлар берилди.
Йиғилиш сўнгида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш ва Фонд Низомидан келиб чиқиб, 2022 йилдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида фаол ходимлар Жамоат фонди вилоят бўлими томонидан муносиб тақдирландилар.
Абдували Бўриев, ЎзА