Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд оилалар қўллаб-қувватланмоқда
11:13 / 2021-09-22

Ҳамон коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият дунёда ҳам, мамлакатимизда ҳам мураккаблигича қолмоқда.

Айниқса, кейинги пайтларда инфекцияга чалинганлар сонининг кескин ошаётгани, барчани бирдек ташвишга солмоқда.

 Мамлакатимизда бу офатнинг таъсирини юмшатишга қаратилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Ушбу чора-тадбирлар доирасида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар эса бу тоифадаги оилалар учун ўзини ўзи банд қилган ҳолда барқарор тирикчилик манбаларини яратиш, уларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш, шу тариқа камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

 Халқимиз асал арини етти хазинанинг бири, деб ҳисоблайди. Бу митти ҳашоратнинг фойдаси жуда катта. Асалари заҳри, сути, асали кўп дардларга даво. Республикамизнинг табиий иқлим шароити серасал ўсимликларни кўпайтириш, асалари оиласини боқиш учун қулайдир.  

Хусусан, Навоий вилоят ҳокимлиги кўмагида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятимиздаги «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарларида турувчи 431 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, ишсиз оилаларга уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 1500 дона жами 1,5 миллиард сўмлик асалари оиласи олиб берилди.

 Жумладан, Хатирчи туманига 250 та, Кармана туманига 300 та, Қизилтепа туманига 300 та, Навбаҳор туманига 250 та, Нурота туманига 300 та ҳамда Конимех туманига 100 та жами 1500 дона асалари оилалари харид қилиниб, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.

 Айни пайтда эҳтиёжманд оилаларга асаларини тўғри парваришлаш ҳақида мутахассислар томонидан тушунтиришлар ҳам олиб бориляпти.

– Асалари жуда нозик ҳисобланади, – дейди Кармана туманидаги «Ёшлар дафтари»да турувчи Мамарали Тошпўлатов. – Уни тўғри парваришлаб қаралса, юқори даромадга эришиш мумкин. Мен ҳам «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турардим. Мурожаат билан чиққан эдим. Менга 5 қути асалари оиласи беришди. Мен асаларичилик билан шуғулланишга қизиқаман. Худо хоҳласа бу йил асалари оиласи сонини кўпайтириб юқори даромад олиш ниятим бор.

Айни пайтда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд, кам таъминланган, ишсиз оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари давом этмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА