Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд оилалар кўмакдан мамнун
15:17 / 2025-11-17

Қарор ва ижро

Кеч куз. Тошкент вилоятига хос туманли тонглар кенг дала бўйлаб аста ёйилиб, қишлоқлардаги уйларнинг томига биринчи совуқ заррачалари тушаётган паллалар. Қишнинг аёзли кунлари ҳали бироз олдинда бўлса-да, аммо, унинг заҳри сезила бошланди. Мана шундай кезларда вилоят бўйлаб тарқалган бир хабар кўплаб оилаларда нафақат илиқлик, балки умид уйғотди. 

Эҳтиёжманд оилаларга бир миллион сўм бир мартали моддий ёрдам етказилди. Бу Президентимизнинг 2025 йил 2 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қиш мавсумида энергия тўловларига қийналаётган оилалар қўллаб-қувватланаётганидир. 

Бу одамларнинг қишдан қийналмай чиқиши учун давлатнинг эътибори ва меҳр рамзидир. Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманининг Жумағули маҳалласидаги ҳовлилардан бири эътиборимизни тортади. Унда Гулмира Яхшибоева оиласи билан яшайди.

– Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони. Кўп йиллар давомида бир ишда мустаҳкам ишлолмай, ўзини фойдасиз ҳис қиларди. Яқинда ишга жойлашди. Қиш мавсуми яқинлашгани сари электр, газ ҳақидаги ўйлар тинчлик бермасди. Бир миллион сўм ёрдам ҳақида эшитганимизда кўнглимиз ёришди. Давлатимизнинг ижтимоий ҳимояга бўлган эътибори бизга кўплаб имкониятлар яратмоқда, – дейди Гулмира Яхшибоева. 

Таҳлилларга кўра, Тошкент вилоятида 77 минг 849 оила ушбу ёрдамни олди. Шундан, “Ижтимоий реестр”да қайд этилган фуқаролар 48 минг 516, “Камбағал оилалар реестри”да 10 минг 208, маҳалла еттилиги томонидан шакллантирилган эҳтиёжманд оилалар рўйхати 19 минг 125 нафарни ташкил этди. Шунингдек, тизим фақат расмий рўйхатлар билан чекланиб қолмай, маҳалла бўйлаб юриб, эшик тақиллатиб, оилаларнинг аҳволини ўрганган ҳолда хулоса чиқарилди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу турдаги ёрдамни олиш учун 25 минг 147 фуқаро ариза топширган бўлса, 58 минг 754 оила автоматик тарзда тизим орқали аниқланган. 2 минг 424 оила бир нечта уйи ёки янги машинаси борлиги сабабли рад этилди, 3 минг 598 фуқаро юқори даромад туфайли ёрдам олиш тоифасига тўғри келмади. Бу жараён ижтимоий ёрдамнинг “ҳақиқий манзилига бориши”га хизмат қилган механизм бўлди. 

Тўловлар қандай етказилди, деган савол бўлиши мумкин. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси малумотига кўра, бу жараён учун 77 миллиард 849 миллион сўм молиялаштирилган. Пластик картаси бўлганларга 30 октябрь куни маблағ туширилди. Карта йўқларига маҳаллама-маҳалла юрувчи “сайёр кассалар” фаолият кўрсатди. 

Муҳими, бу ёрдам фақат шу мавсум билан чегараланмайди. Электр ва газни базавий меъёрдан ортиқ ишлатган эҳтиёжманд оилалар йил давомида қўшимча компенсация олади. Демак, тизим фақат “бир кунлик ёрдам” эмас, балки самарали қўллаб-қувватлашдир. 

А.Мусаев, ЎзА.