Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари иштирокида хайрия тадбири бўлиб ўтди.
Жумладан, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов бошчилигида туман марказидаги Тошкент ҳамда Тўрткўл маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи эхтиёжманд оилалардан хабар олинди. Уларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан мулоқот қилиниб, ечими бўйича тегишли соҳа вакилларига топшириқ берилди.
Тадбир доирасида эҳтиёжманд оилаларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағи ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Тошкент маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 80 ёшдан ошган, икки нафар ногиронлиги бўлган набираси бор Александра Карашева бундай эътибор учун Президентимизга, ҳомийларга миннатдорлик билдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА