English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд оила фарзандларининг хатна тўйи ўтказилди
14:53 / 2025-09-02

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами куни Андижон туманининг Исломобод маҳалласида янги барпо этилган “Яккасарой» тантаналар саройи фойдаланишга топширилди. Шу куни ушбу масканда 30 та эҳтиёжманд оила фарзандларининг хатна тўйи ҳам ўтказиб берилди.

Нуронийлар, ёшлар, мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантаналар саройи очилишига бағишланган тадбирда  сўз олган Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов барчани мустақиллик байрами билан муборакбод этиб, вилоятимизда байрам муносабати билан юзлаб янги ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари ишга туширилаётганлиги, минглаб андижонликлар доимий иш ўринларига эга бўлаётганлигини гапирди.  

Майдони 40 сотих, умумий лойиҳа қиймати 22 миллиард сўмга тенг янги тантаналар саройида ҳам хизмат кўрсатиш учун зарур барча шароит яратилган. Бу ерда турли тантаналар, маданий-маърифий тадбирлар, оилавий маросимларларни ўтказиш мумкин.  

Тантаналар саройи замонавий, ўзига хос ёритиш тизими, инфратузилмага, шу жумладан, кенг айвон, автотураргоҳга эга. Масканнинг ишга тушиши билан 40 та доимий иш ўрни яратилди.  

Тантаналар саройининг очилиши ҳамда байрам муносабати билан тумандаги Исломобод, Жаҳонобод, Жевачи, Янги тўлқин, Ўрикзор ва Тадбиркор маҳаллаларида яшовчи 30 та эҳтиёжманд оила фарзандларига хатна тўйи ўтказиб берилди.  

Тўй тантанасида тўйболаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этади.  

–  Туманимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Андижон тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулираъно Ғофурова. – Вилоят, туман ҳокимликлари ҳамда тадбиркор Алишер Азимов ҳамкорлигида ўтказилган тўй тантанаси ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди. Ушбу тўй кўплаб инсонлар қалбига эзгулик уруғларини сочди.  

Болажонларнинг суннат тўйлари тўкин дастурхон, ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги тўйболалар, уларнинг ота-оналари қалбига чексиз қувонч ҳадя этди, табрик ва қутловлардан барча беҳад мамнун бўлди.  

Тўйболаларнинг ҳар бирига турли ўйинчоқлар, ширинликлар ҳамда бош-оёқ сарпо совға қилинди.

[gallery-25123]

– Набирамнинг суннат тўйи ўтказиб берилганидан беҳад мамнунман, – дейди Исломобод маҳалласи Заминобод кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси Фотимахон Ашурова. – Очиғи, имкониятимиз йўқлиги учун набирамнинг тўйини қандай ўтказамиз, деб анчадан буён ўйланиб юрардим. Ҳукуматимизга, вилоят, туман ҳокимликларига, шу хайрли ишнинг бошида турган барча-барчага раҳмат. Набирам қатори яна йигирма тўққиз нафар боланинг тўйи бекамукўст ўтказилди. Бунга беадад шукрлар қиламан, эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди.  

Хатна тўйида санъаткорларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.  

Миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик фазилатларини, шу билан бирга, уларнинг байрам кайфиятини кўтармоқда, эртанги кунга бўлган умид ва ишончини мустаҳкаламоқда.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари