Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Қашқадарё вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Коллегиал” хулосалар асосида “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 4 минг 937 нафар фуқарога 9,3 миллиард сўмлик моддий ёрдам ажратилган.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига манзилли ёрдам етказишда маҳаллалардаги ижтимоий ходимларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Уларнинг ҳар бир оилани кўздан кечириб, муаммосини ўрганиши моддий ёрдамнинг айнан лозим бўлган хонадонларга етказилишини таъминламоқда.


Масалан, Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи 61 ёшли Гулсара Имомова шулардан бири. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли у маҳалладаги ижтимоий ходимга мурожаат қилган. Ўрганишлардан сўнг фуқарога “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан даволаниши учун моддий ёрдам ажратилди. Натижада Г.Имомова саломатлигини тиклаб олди.


Моддий ёрдам билан чекланиб қолмасдан, фуқаронинг янада мустақил даромад манбаига эга бўлиши мақсадида у касб-ҳунарга ўқитиш курсларига йўналтирилди. Ҳозирда Гулсара опа тикувчи сифатида меҳнат қилиб, оиласига барқарор даромад келтирмоқда. Унинг бугунги кунга келиб “Камбағаллик реестри”дан чиққани ҳам кўрилган чора-тадбирларнинг самарасини намоён этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ва мутасадди идоралар томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига қаратилган бу каби қўллаб-қувватлаш ишлари изчил давом этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири