Ҳудудларни «маҳаллабай» тизимда ривожлантириш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида Тошкент вилояти Пискент туманида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Бу борада мутасаддилардан иборат ишчи гуруҳ томонидан тумандаги 27 маҳалланинг ҳар бирида уйма-уй юриб муаммо ва таклифлар ўрганилди. «маҳаллабай» ишларни ташкил этиш учун тижорат банкларидан ходимлар бириктирилди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» рўйхатларига киритилган фуқаролар билан юзма-юз суҳбатларда уларни қийнаётган муаммолар, маҳаллаларда мавжуд камчиликлар аниқланиб, ечимга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, туман ҳокими Р.Рихсиев ва сектор раҳбарлари томонидан кам таъминланган хонадон вакилларининг эҳтиёж ва имкониятидан келиб чиқиб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. «Темир дафтар»га рўйхатга олинган 179 та оилага 1 минг 790 та парранда 2 ойлик еми билан бирга тарқатилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлигини бошлаб, ўз томорқасидан юқори даромад олиш истагидаги фуқароларга кредит маблағларини энг содда йўл билан ажратиш тизими ишга туширилди.

– Ишсизлигим учун «Ёшлар дафтари»га рўйхатга олинган эдим, – дейди «Ойбек» МФЙда яшовчи Санжар Султонқулов.
– Лекин эҳтиёжманд бўлиб яшашни эмас, тадбиркор бўлишни истайман. Шунинг учун туман ҳокимига мурожаат қилганимда зотдор қуён боқишни тавсия қилди. Январь ойида 4 кун ичида Микрокредитбанк орқали 30 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Бир ой ўтиб, олган 50 та қуёним болалаб, 90 бошга етди. Қуён етти хазинанинг бири, жуда тез кўпаяр экан. Куни кеча яна ҳоким қабулига бордим. Қуёнчилик фермаси ташкил қилмоқчиман. Ҳокимга лойиҳам ёқди, қўллаб-қувватлади. Лолаариқ маҳалласидан аукцион орқали 10 сотих ер оляпман. Ҳовлига субсидия асосида иссиқхона ҳам қуриб берилган эди, ичига ток кўчатлари ва булғор қалампири экканмиз. Кўриб турганингиздек, 2 сотих томорқамдан анчагина даромад кутяпмиз.

– Турмуш ўртоғим вафотидан сўнг тўрт фарзандимни ёлғиз аёл бошим билан катта қилиш зиммамга тушди. Очиғини айтсам, жуда қийналдик, – дейди «Холиқберди» МФЙда яшовчи Матлуба Тожибоева.
– «Қўлдан берганга қуш тўймас» деганлари тўғри экан. Болалар катта бўлгани сари эҳтиёжимиз ҳам ортиб боряпти. Ҳокимият вакиллари томорқамизга иссиқхона қуриб берди. Энди фарзандларим билан ишлаб, ўзимизни тиклаб оламиз. Бугун эса парранда тарқатишяпти. Яхши бўлди, кўпайтирсак гўшт ва тухум ўзимиздан чиқади.
Туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бошлиғи Шерзод Камоловнинг сўзларига кўра, «Ёшлар дафтари»даги 8 нафар ёш оила аёллари учун тикувчилик фаолияти билан шуғулланишларида дазмол, оверлог, тикув машиналари етказиб берилган.

Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан «Холиқберди», «Бирлик», «Кўлота», «Намуна», «Янгиобод», «Митан», «Мингтепа», «Ғайрат», «Дўстлик», «Навоий» маҳаллаларидаги 20 та оила учун 54 сотих майдонда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилди.
А.Мусаев,ЎзА