Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёжманд аёлларга тикув машиналари берилмоқда
11:35 / 2021-11-05

Мамлакатимизда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган хотин-қизлар ва ёшларни касб-ҳунар эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилиб, тикув машиналари, мотокультиваторлар ва пайвандлаш ускуналари тарқатилмоқда.

Шунингдек, аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартириш, ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида жойларда ташкил этилган “Ишга марҳамат” мономарказлари ва Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан бепул касбга ўқитиш курслари ташкил этилиб, уларга асосан ижтимоий дафтарларга киритилган хотин-қизлар ва ёшлар жалб этилмоқда.

– Туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари тегишли маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳаллалардаги ҳар бир оила, фуқаронинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва асбоб-ускуналар рўйхати шакллантирилган ҳолда халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига киритилади. – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими мутахассиси Дилдора Баратова. – Ўтган давр мобайнида фонд қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан маҳаллий Кенгашлар сессияси қарорига асосан 157 дона тикув машинаси олинди. Ушбу тикув машиналари вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси туман ва шаҳар бўлинмалари томонидан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган хотин-қизларга тарқатилди.

– Мен жорий йил аввалида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эдим, – дейди Навоий шаҳридаги “Янгиобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Гулшан Сувонова. – Яқинда менга тикув машинаси олиб берилди. Ҳозирда турли аёллар ва болалар кийимлари тикиб, оиламга даромад келтираяпман.

“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.

Абдували Бўриев, ЎзА