Юртимизда эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева ташаббуси билан Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд аҳоли вакиллари учун маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбир доирасида иштирокчилар Ўзбек Миллий академик драма театрида намойиш этилган “Чўлпон” спектаклини томоша қилди.

Мазкур спектакль Ўзбекистон халқ шоири ва драматург Усмон Азим қаламига мансуб бўлиб, таниқли режиссёр Валижон Умаров томонидан саҳналаштирилган.
Саҳна асари ўзбек адабиёти ва маънавиятида ўчмас из қолдирган буюк адиб Чўлпоннинг ҳаёти, ижоди ва қалб изтиробларини чуқур бадиий талқинда ёритиб беради. Спектаклда миллий руҳ, озодлик ва маърифат ғоялари таъсирчан саҳналар орқали намоён этилган.

Бу каби маданий тадбирлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламини маданий ҳаётга жалб этиш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва миллий меросимизга бўлган қизиқишини янада оширишда алоҳида аҳамият касб этади. Спектакль давомида томошабинлар саҳна асарини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатди, актёрларнинг маҳоратли ижроси уларда чуқур таассурот қолдирди.
М.Комилова, ЎзА