Ёхуд фарзандини фалокат кўчасига бошлаётган “оталар”
Шу кунларда одамни хавотирга соладиган воқеаларга кўп бора гувоҳ бўляпмиз. Водийга уюштирилган хизмат сафари чоғида қишлоқ гузарларида машинани бошқараётган вояга етмаган болаларни кўриб, очиғи ваҳимага тушдим. Машина ичиидан бўйи ҳам кўринмайдиган холатдаги болаларни бемалол рулни бошқариб юришганини кўриб хайратландим. Қишлоқ гузари марказидаги дўкон ёнига келиб тўхтаган машинадан 11 ёшлар атрофидаги бола тушиб, машина эшигини қўлидаги калит билан ёпдию дўконга кириб кетди...
Пойтахтдаги ҳолат эса қишлоқдагисидан қолишмайди. Худди шундай воқеага куни кеча Бектемир туманидаги Мажнунтол маҳалласида ҳам гувоҳ бўлдим. Соат тунги 20:00 лар эди чамаси. Йўл четида кетаётиб, узоқдан “Кобалт” русумли машинани тартибсиз ҳолатда бошқариб келаётганини кўриб, хайдовчи маст бўлса керак, дея ўзимни четга олдим. Машина яқинлашганида эса рулни 10 ёшлар атрофидаги болакай бошқариб келаётганини кўриб, вазиятни тушундим. Ҳали мактаб партасида ўтириши керак бўлган болаларга машина рулини топшириб қўяётган ота-оналар ўз жигарбандини фалокат ботқоғига отаётганини билишармикан? Бундай ота-оналарга қонунчиликда қандай чоралар қўлланилади? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида мутахассисларга юзландик.
— Ота-оналар вояга етмаган боласига автомобилни бошқаришга рухсат бергани учун бизда бирорта қонун билан белгилаб қўйилган чора йўқ, — дейди Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати катта мутахассиси, майор Шодмон Сафаров. — Бу жуда долзарб масала. Шу боис Вазирлар Маҳкамаси ёки Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ушбу масала кўриб чиқилиб, тегишли қонунлар жорий этилса яхши бўларди. Чунки шунақа холатлар кўзга ташланганида кўпинча биз мактаб ёки маҳаллада тушунтириш ишларини олиб бориш билангина чекланиб қоламиз. Айрим ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилганида мен кўрмай қолибман, ўғлим калитни сездирмай олиб чиқиб кетибди, деган баҳоналарни рўкач қилишади. Вояга етмаган болаларни транспорт воситасини бошқариши натижасида дарахтга, биноларга урилиб, ағдарилиб ўзига тан жароҳати етказган ёки вафот этган холатлар ҳам кўп бўлган. Масалан, 2020 йилда вояга етмаган болалар томонидан автомобилни бошқариш натижасида 6 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган. Улардан бир нафар мактаб ўқувчиси вафот этган. Яъни, 17 яшар ўспирин машинани бошқарган. Ёнида 10 яшар укаси бўлган. Ёш йигит машинани дарахтга бориб урган. Натижада укаси оғир жароҳат олиб, оламдан ўткан. 2021 йил 6 ой ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри бўйича 433 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилиб, 51 фуқаро вафот этган. Вояга етмаганлар билан боғлиқ 33 та транспорт ҳодисаси содир бўлган, 3 нафар мактаб ўқувчиси оламдан ўткан.
Ёш боласига машина калитини бериб, рулни бошқаришига томошабин бўлиб турган ота-оналар фарзанди бирор фожиа ёки талафотга дуч келмагунича кўзи очилмайди. Тушуниб етганида эса кеч бўлади. Шундай экан, фарзандларимизни орзу-ҳавасларимиз қурбонига айлантирмайлик. Ҳозир улар ўқисин, билим олсин, спорт билан шуғулланиб, ўзига бўлган ишончини оширсин. Ҳамма нарсага эришишнинг вақти-соати бор. Шу нарсаларни уларнинг онгига сингдирайлик. Шунда ўзимизнинг ҳаётимиз хотиржам, фарзандларимиз эса ҳамиша бахт таъмини ҳис этиб камолга етади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА