Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳсон ифторлиги ўтказилди
16:11 / 2026-03-04

Меҳр-шафқат ва саховат ойи бўлган муборак Рамазон муносабати билан юртимизда инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишлар изчил давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, айниқса кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш устувор вазифага айланган.

Шундай савобли тадбирлардан бири Сирдарё вилоятида ташкил этилди. Вилоят ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши ва вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан Мирзаобод туманидаги Мирзачўл маҳалласида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар учун эҳсон ифторлиги ўтказилди.

Тадбир “Олмос” маросимлар масканида кўтаринки руҳда ташкил этилди. Ифторлик муносабати билан файзли дастурхон ёзилди. Маҳалла аҳли, нуронийлар ва кексалар бу тўкин дастурхон атрофида жам бўлиб, ифторлик нозу неъматларидан баҳраманд бўлишди. Нуроний отахонлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиёти учун дуо қилишди.

Тадбир давомида эҳтиёжманд оилаларга совғалар, шунингдек, ун, ёғ каби кундалик рўзғор учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.  

Ифторликда иштирок этган маҳалла фуқароси, эҳтиёжманд оила вакили Ойсулув Ғайбуллаева ўз миннатдорлигини қуйидагича изҳор қилди:

– Бугун бизга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан жуда мамнунмиз. Рамазон ойида бундай саховатли тадбир ташкил этилгани қалбимизга қувонч бағишлади. Ёрдамлар биз каби оилалар учун катта далда ва кўмак бўлмоқда. Аввало бунинг учун Давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.  

– Бундай хайрли ифторликлар аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди ва Рамазон ойининг маънавий аҳамиятини янада ҳис этишга ёрдам беради, – деди маҳалла нуронийи Ўсар Товбоев. – Ёрдам ва эътибор қалбимизга катта қувонч бағишлайди ҳамда аҳолининг турмушини яхшилашга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири