Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Президент сайлови бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури қабул қилиниб, унинг ижроси доирасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Сайловга тайёргарлик жараёнлари халқаро ташкилотларнинг вакиллари, хорижлик сиёсатчилар, экспертлар ва журналистларнинг эътиборида бўлиб турибди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловлар бўйича катта маслаҳатчиси Aлексей Громов бошчилигидаги Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертларининг “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилиги, аҳолининг ушбу сиёсий жараёнга нисбатан саводхонлиги, сайлов жараёнларига мазкур партия томонидан кўрилаётган тайёргарлик ишлари, бунда молиялаштириш масалалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар билан ишлаш тартиби, тарғибот-ташвиқот жараёнларини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
“Адолат” социал-демократик партияси масъуллари экспертларга партиянинг бугунги кундаги фаолияти, Сайловолди дастурининг амалга оширилиши, электорат билан олиб борилаётган ишлар, партия ташкилотлари кадрлари ва депутатлар таркибида гендер тенгликка амал қилиниши тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилганидек, “Адолат” социал-демократик партиясининг қарийб 500 мингга яқин аъзоси бўлиб, уларнинг 46 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Қонунчилик палатасидаги фракция аъзоларининг эса 59 фоизи аёл депутатлардан иборат. Бу эса мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг ҳисобланади.
Маълумки, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга биноан, энди Президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайлови ҳар галгидек декабрда эмас, октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Бу пайт юртимизда илиқ об-ҳаво шароитига тўғри келгани боис сайловчиларга ҳар жиҳатдан қулайлик яратади. Умуман, миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартишлар миссия вакиллари томонидан эътироф этилди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар мулоқотдан мамнун эканликларини билдириб, самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА