Олий Мажлис Сенатига ЕХҲТ раисининг гендер масалалари бўйича махсус вакили Саара-София Сирен ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда зўравонликка қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида фикр алмашилди.
Хусусан, қонунчилик ва институционал асосларни такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳимоя ва реабилитация хизматларини ривожлантиришга қаратилган ишлар самара бераётгани қайд этилди.

Саара-София Сирен Ўзбекистонда амалга оширилаётган гендер сиёсатини юқори баҳолади. Гендерга оид зўравонликка қарши курашиш, аёллар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслар катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Айниқса, ҳудудларда фаолият юритаётган хотин-қизлар реабилитация ва мослашув марказларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштироки ва эркаклар ҳамда ўғил болаларнинг гендер тенгликни таъминлаш жараёнларига жалб этилиши муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасидаги фаолиятни чуқурлаштириш, икки томонлама платформалар орқали тажриба алмашиш ва амалиётни мувофиқлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА