Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов мамлакатимизга ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи, шунингдек, Ўзбекистон – Польша муносабатини янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташкилот фаолиятининг барча уч устувор йўналиши бўйича ЕХҲТ институтлари билан ҳамкорлик жадал ривожланаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқот чоғида илғор технология ва инновацияни жорий этиш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва Орол денгизи қуриши оқибатини юмшатиш, шунингдек, демократик институтлар фаолиятини, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва турли соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
ЕХҲТ вакиллари ўзаро манфаатли аниқ ғоялар ишлаб чиқиш орқали биргаликдаги саъй-ҳаракатни кучайтиришга тайёр эканлигини маълум қилди.
[gallery-7442]
Тадбирда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Сўнгги йилларда икки томонлама муносабат барча соҳаларда жадал ривожланиб, кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Польша ишбилармонларининг мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланишга қизиқиши ортиб бораётгани эътироф этилди. Шу нуқтаи назардан етакчи компаниялар делегацияларининг юртимизга ташрифини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат давомида минтақавий ва глобал кун тартибига оид долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
2022-2026 йилларга мўлжалланган маданият, фан, олий таълим, маърифат ва спорт соҳаларидаги Ҳукуматлараро ижро дастури имзоланди. Ҳужжатда икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари ҳамкорлигининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Музокара якунида Ўзбекистон ТИВ раҳбари ОАВ вакиллари билан мулоқот ўтказди.
ЎзА