Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕХҲТ Урганчда ёшлар учун медиа саводхонлик бўйича тренинглар ўтказди
22:16 / 2025-08-21

Урганч шаҳрида "Ёшлар медиа саводхонлиги – радикаллашув ва терроризмга қарши курашишда самарали восита" мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди.

Тадбир Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори лойиҳасининг ижрочи ҳамкори бўлган Ўзбекистон Журналистларини қайта тайёрлаш маркази томонидан Бош прокуратура кўмагида ташкил этилди. Тренингда журналистлар, блогерлар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Ёлғон маълумотларни аниқлаш бўйича кўникмаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан ишлашга масъулиятли ёндашувни тарғиб қилишга қаратилган машғулотларда деструктив контентга қарши курашишда танқидий фикрлаш, далилларни текшириш ҳамда рақамли воситалардан фойдаланиш ва киберхавфсизликни таъминлашнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Амалий сессиялар давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

– Медиа саводхонликни ривожлантириш – бу нафақат сохта янгиликларни аниқлаш қобилияти, балки танқидий фикрлаш ва ҳар қандай манбадан олинган маълумотларга масъулиятли ёндашувни шакллантиришдир, – деди тренинг очилиш маросимида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Картунен.

Шунингдек, А.Картунен ЕХҲТ терроризм ва радикаллашувга қарши курашишда  кенг қамровли ёндашувни қўллашини, бунинг доирасида медиа саводхонликка превентив чораларнинг муҳим элементи сифатида қаралишини таъкидлади. Ушбу ёндашув хабардор ва экстремистик ғояларга қарши тура оладиган ёшларни тарбиялашнинг асосий омиллари бўлмиш инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, қонун устуворлиги тамойиллари ҳамда давлат тузилмалари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги инклюзив ҳамкорликка асосланган.

Тренинг ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан ҳарбий-сиёсий йўналиш доирасида терроризмга қарши курашишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли лойиҳа доирасида ташкил этилди. 

Тадбир ёшлар учун янада хавфсиз ва хабардор рақамли муҳит яратиш мақсадида мамлакатнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган қатор ташаббусларнинг бир қисми бўлди. Бундай тренинглар Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилади.

Азиза Алимова, ЎзА