Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕХҲТ минтақасида хавфсизлик, барқарорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашда бетараф давлатларнинг роли
09:10 / 2023-05-20

Туркманистоннинг Aшхобод шаҳрида “ЕХҲТ минтақасида хавфсизлик, барқарорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашда бетараф давлатларнинг роли” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.

“Ҳаракатга чақирув – Хелсинки+50” ташаббуси доирасида бўлиб ўтган конференция Туркманистон парламенти томонидан ЕХҲТ Парламент ассамблеяси билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Aнжуманда Марказий Осиё, Шарқий ва Ғарбий Европа парламентлари аъзолари, дипломатлар, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси парламенти делегацияси ҳам иштирок этди.

Конференция давомида иштирокчилар кейинги йилларда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, хавфсизлик соҳасидаги янги таҳдидлар, шу жумладан, Марказий Осиё давлатларининг миллий манфаатларига дахлдор эканини таъкидлади.

Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда бетараф давлатларнинг роли, уларнинг самарали воситачи сифатидаги салоҳиятига эътибор қаратди. Шунингдек, келгусидаги можароларнинг ҳаракатлантирувчи кучлари ва уларнинг олдини олиш йўлларини ўрганиш, барқарор ривожланишни мустаҳкамлашда ҳамкорлик, фикр алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари ўз чиқишлари чоғида низоларни ҳал этишда парламент дипломатиясининг ўрни ҳақида тўхталиб, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси сиёсий мулоқот учун муҳим платформалардан бири эканлигини таъкидлади. 

Бундан ташқари, иштирокчиларга Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича халқаро ташаббуслари, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, Орол денгизи экологик муаммоси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

ЕХҲТ Парламент ассамблеяси вакиллари минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари формати алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди. 

Бу эса муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, янги сиёсий ишонч ва ўзаро англашув муҳитини шакллантиришга имкон беради.

Тадбир якунида иштирокчилар ЕХҲТ платформалари ва механизмларидан фаол фойдаланган ҳолда минтақавий даражада конструктив мулоқотни давом эттиришга келишиб олди. 

 

Н.Абдураимова, ЎзА