Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Элчи Пьер фон Арксни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Режалаштирилган тадбирлар, жумладан, 2022 йил 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегияси биргаликда амалга оширилишининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўйича фикр алмашилди. Мазкур анжуман ЕХҲТ ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан биргаликда ташкил этилмоқда.
- Бугунги кунда Ўзбекистон жадал суръат билан ривожланмоқда, тараққиёт сари дадил одимламоқда, - деди Пьер фон Аркс. - Энг муҳими, республика эндиликда нафақат минтақавий даражада, балки халқаро миқёсда ҳам ўзининг салмоқли ўрнига эга. Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик энг долзарб йўналишларда изчил давом этмоқда. Айниқса, демократик сайловлар ўтказиш, одил судловни таъминлаш каби муҳим жабҳаларда биргаликда олиб борилаётган ишлар аллақачон ўз натижаларини бера бошлади.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган лойиҳаларни амалга оширишда томонлар ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлади.
ЕХҲТ Бош котиби Ҳелга Шмиднинг жорий йил март ойида Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди.
Музокара чоғида минтақавий ва халқаро кун тартибининг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА