Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ЕХҲТнинг трансмиллий таҳдидларга қарши курашиш бўйича координатори Алена Купчина билан видеоконференцалоқа шаклида учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан Афғонистон йўналишидаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
A.Kупчинa Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги ҳолат, жумладан, мамлакатдаги гуманитар вазиятни яхшилаш учун тезкор чоралар кўриш зарурлиги юзасидан позицияси ва ёндашувига юксак баҳо берди.

Шу билан бирга, Афғонистондаги вазият оқибатлари бўйича ишлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлардан иборат ЕХҲТ дастури юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ушбу чора-тадбирлар: чегарадаги хавф-хатарни камайтириш, ҳамжамиятдаги заифликни бартараф этиш ва барқарорликни, минтақадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мавжуд имкониятлардан фойдаланиш сингари йўналишларни ўз ичига олади.
ЕХҲТ координатори мазкур учрашув 2 декабрь куни Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтадиган Ташкилотга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилиши арафасида ўтказилгани муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати