Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕХҲТ ДИИҲБ: Ўзбекистоннинг янги конституцияси – жамиятда гендер тенгликни таъминлаш кафолати
18:56 / 2023-05-01

Гендер тенгликни таъминлаш ҳеч бир замонда осон кечмаган. Бу жуда кўп вақт, тинимсиз ҳаракат талаб этадиган, асосийси, одамлар дунёқараши ва муносабатини ўзгартириш асносида босқичма-босқич кечадиган жараён. Шу маънода Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституциясида ҳам ушбу масала кун тартибига қўйилгани табиий.

Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегиясида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқи, имкониятини қадрият сифатида ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилган. Зеро, мамлакат аҳолисининг, қарийб, ярми, яъни 49.7 фоизини аёллар ташкил этиб, улар жамиятнинг барча жабҳаларида мунтазам, фаол иштирок этиб келмоқда. Бугунги кунга қадар аёлларнинг улуши раҳбарлик лавозимларида 33, меҳнатга лаёқатли аҳоли орасида 45 фоиз ошган. Айниқса, сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш билан боғлиқ қонунчилик ва институционал негизни мустаҳкамлаш йўлида муҳим чоралар кўрилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида умуминсоний глобал муаммоларга тўхталиб, биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди, дея таъкидлаган эди. Гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги — инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Илмий тадқиқотлар ва амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизидир.

Қолаверса, ўзбек халқи азалдан муқаддас Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатган. Бинобарин, аёлга эътибор, аввало, оилага, жамият келажагига эътибор ифодасидир.

Умуман, Янги Конституция лойиҳасида айни масалалар ёрқин ифодаланган. Жумладан, Асосий қонуннинг 58-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деб ёзилган.

Хулоса қилиш мумкинки, гендер тенглик — мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор. Янги Ўзбекистон Конституцияси нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқи ифодаси, балки тинчлик, фаровонлик, барқарор ривожланишга эришишнинг зарур асоси сифатида гендер тенгликни таъминлаш кафолатидир.

Ғайрат Хонназаров,

ЎзА