Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси вакиллари сиёсий партиялар етакчилари билан учрашди
11:18 / 2024-05-30

Аввал хабар берилганидек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Кеча, 29 май куни миссия вакиллари сиёсий партияларда бўлиб, партиялар етакчилари билан учрашувлар ўтказди.

Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашида партия раиси Абдушукур Ҳамзаев делегация вакиллари – сайлов бўйича катта маслаҳатчи Кеара Касталдо, сайлов бўйича маслаҳатчи Каҳа Инаишвили билан учрашди. Суҳбат давомида сўнгги йилларда Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар фаолиятидаги муҳим ўзгаришлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.  

«Адолат» СДП Сиёсий кенгаши Марказий аппаратида бўлиб ўтган учрашувда партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг ўтган даврдаги фаолияти, партиянинг ғоя ва мақсадлари ҳамда Сайловолди дастуридан келиб чиқадиган вазифаларнинг ижроси, келгусидаги устувор йўналишлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида яратиб берилаётган имкониятлар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга қаратилган ислоҳотлар хусусида ҳам сўз борди.  

Шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Кеара Касталдо бошчилигидаги делегация билан бўлиб ўтган учрашувда партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров меҳмонларни "Миллий тикланиш" демократик партиясининг мақсад-вазифалари, партиявий ғоялар ижроси бўйича қилинган ишлар ва сўнгги йиллардаги ташаббуслар билан таништирди.  

Самимий руҳда ўтган учрашувларда томонлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА