Егор Болотов – жаҳон чемпиони!
Сингапурда давом этаётган пара сузиш бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси вакили Егор Болотов S13 тоифасида 100 метрга чалқанча усулда сузиш дастурида олтин медални қўлга киритди.
Финал баҳсида ҳамюртимиз 58,97 сония натижа қайд этиб, барча рақибларини ортда қолдирди. Унинг энг яқин таъқибчилари нидерландиялик Томас ван Ваанрой (59,35) ва украиналик Олексей Вирченко (59,45) бўлди.
Шу тариқа, Болотов нафақат жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди, балки терма жамоамиз ҳисобига чемпионатдаги иккинчи медални ҳам тақдим этди. Кеча у 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсида бронза медалига ҳам сазовор бўлган эди.
Шунингдек, аёллар ўртасидаги 100 метрга чалқанча сузиш дастурида вакилимиз Мубинабону Халилова (S13) еттинчи бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА